Тараққиёт стратегияси лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари, уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини ҳар томонлама кучайтириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга кўрсатилаётган тиббий таъминот сифатини янада ошириш борасида аниқ вазифалар ўз аксини топган.

Шунингдек, ҳарбий психологлар институтини янада такомиллаштириш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳиятини ошириш бўйича энг муҳим вазифалар белгиланган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳамда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмиталари ҳамкорлигида ўтказилган «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида сўз борди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизнинг мудофаа қобилияти, Қуролли кучларнинг жанговар қудрати ва салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолиятини такомиллаштириш, жисмонан соғлом, маънан етук ва ватанга содиқ ҳамда қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасаларда мавжуд хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассислар иш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тадбирларини янада кучайтиришга катта эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА