Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қирғизистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Иброҳим Жунусовни мамлакатимиздаги дипломатик миссияси якунлангани муносабати билан қабул қилди.

Учрашув аввалида элчининг Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатини янада яхшилаш ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси юқори баҳоланди.

– Сиз элчи бўлиб ишлаган давр икки томонлама алоқани мустаҳкамлаш мақсади нуқтаи назаридан жуда самарали кечди, – деди А.Комилов. – Турли даражада, жумладан, давлат етакчилари, ҳукумат раҳбарлари, вазирлик, идоралар мутасаддилари иштирокидаги ўзаро ташрифлар ҳар икки томон манфаатига хизмат қилмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида умумий қабул қилинган расмий муносабатдан ташқари ўзига хос минтақавий, маданий, азалий қардошликка асосланган дўстона шериклик ҳам мавжуд. Зеро, Ўзбекистон ва Қирғизистон илдизи, дини бир, тили, урф-одати, қадрияти ўхшаш, тарихи умумий, келажаги ҳам чамбарчас боғлиқ юртлар. Халқларимиз тақдирини бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Шу маънода биз бугунги кунда жадал ривожланаётган Қирғизистон билан алоқа мустаҳкамланиб бораётганидан беҳад мамнунмиз ва бундай бирдамликни мунтазам қўллаб-қувватлаймиз.

Ўз навбатида Қирғизистон элчиси мамлакатимизда дипломатик миссиясини муваффақиятли амалга оширишда яратилган қулай шароит учун самимий миннатдорлик билдирди. Шу билан бирга қардош республикани ҳар томонлама ривожланиши йўлида Ўзбекистон томонидан кўрсатилаётган беминнат кўмакни, намоён этилаётган самимий биродарлик туйғусини эътироф этди.

– Айниқса, пандемия даврида ўзбек-қирғиз дўстлиги, қардошлиги қай даражада мустаҳкам экани яққол намоён бўлди, – деди жумладан И.Жунусов. – Ўзбекистон ўша оғир кунларда ўз фуқароларини қандай қўллаб-қувватлаган бўлса, қирғиз халқига ҳам худди шундай кўмак берди. Нафақат пойтахтдан, балки ҳудудлардан ҳудудларга ҳам бир неча бор инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. 400 та карантин учун махсус контейнер, сунъий нафас юбориш ускуналари, биринчи навбатда зарур бўладиган тиббий жиҳоз, дори-дармон, озиқ овқат маҳсулотлари ва бошқа кўплаб энг керакли воситалар юборилди.

Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва минтақалараро алоқа сезиларли даражада жадаллашгани эътироф этилди. Илгари эришилган келишувлар ижроси, турли даражадаги бўлажак тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

 

Ғ.ХОННАЗАРОВ, О.ҒУЛОМОВ (фото), ЎзА