Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ва Татаристон Республикаси Президенти Р.Минниханов ўртасида видеоконференция тарзида музокаралар бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик доирасида қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши муҳокама қилинди ва уларни илгари суриш бўйича тадбирлар келишиб олинди.

Кимё, нефть-газ, автомобилсозлик, тиббиёт ускуналари ва робототехника, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, илмий-техник ва инновацион соҳадаги ҳамкорлик йўналишларида кенг кўламли лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш билан боғлиқ барча масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

Таъкидлаш керак, муҳокама якунида мутасадди раҳбарларга тилга олинган масалаларни ҳал этиш ва тегишли лойиҳаларнинг амалий ижросини жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш топширилди.

Икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида яқин келажакда Татаристон Республикаси Саноат ва савдо вазирлиги ҳамда йирик компаниялар раҳбарияти билан манзилли музокаралар олиб бориш учун Ўзбекистон ҳудудларига ташриф ташкил этиш борасида якдил фикр билдирилди.

Учрашувда, шунингдек, мавжуд лойиҳаларни илгари суришни жадаллаштириш ҳамда Татаристон ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари ўртасида устувор йўналишларда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.