2017–2021 йиллар давомида Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича «Ҳаракатлар стратегияси» доирасида мамлакатимизда изчил амалга оширилган ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатиб, эришилган натижалар «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси»га мустаҳкам пойдевор бўлди.

Қолаверса, амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатдаги ижобий ўзгаришлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ҳам ортишига хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда жаҳонда, хусусан минтақамизда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқирозга қарамасдан, Ўзбекистон мамлакатда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаб, халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида ташқи сиёсий фаолият соҳасида ўзининг асосий принциплари, стратегик мақсад ва вазифаларига собит қолиб келмоқда.

Сўнгги йилларда такомиллашаётган ташқи сиёсатга оид миллий қонунчилик ҳамда  Ўзбекистон ҳукумати томонидан белгиланган қатъий сиёсий позицияга мувофиқ, яъни бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, куч ишлатмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш қоидаларига амал қилиш, шунингдек ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектларини мамлакат ҳудудида жойлашишига ва ҳарбий хизматчиларимизнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операциялар ва ҳарбий можароларда иштирок этишига йўл қўймаслик каби тамойилларга асосан, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати батамом янги мазмун-моҳиятга эга бўлди.

Маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони лойиҳаси «Тараққиёт стратегияси» марказининг 2022–2026.strategy.uz ҳамда Ҳукуматнинг regulation.gov.uz порталларида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Еттита устувор йўналишдан иборат «Тараққиёт стратегияси» ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасида «очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш»га оид бир қатор стратегик мақсадлар ва вазифалар белгиланган.

Хусусан,  Тараққиёт стратегиясида:

•        Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ролини ошириш;

•        Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш;

•        Анъанавий ҳамкорлар билан муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратиб, иқтисодий дипломатияни кучайтириш;

•        БМТ органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятни кучайтириш;

•        Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш;

•        Жаҳон ҳамжамияти аудиториясида мамлакатимиз имижини оширишга қаратилган ахборотлар етказиш самарадорлигини ошириш;

•        Ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини ҳамда халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

•        Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан Ўзбекистоннинг чет эллардаги фуқароларига хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш каби аниқ ва муҳим стратегик мақсадлар ўз аксини топган.
Шунингдек, «Тараққиёт стратегияси»ни жорий «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид «йўл харитаси» лойиҳасининг очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш йўналиши бўйича ҳам қатор долзарб вазифалар белгиланган.

Жумладан, «йўл харитаси»да Марказий Осиё давлатлари, анъанавий ҳамкор ва етакчи мамлакатлар, шунингдек нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан алоқаларни янада ривожлантириш, улар билан мувозанатли ва доимий мулоқот олиб бориш орқали мамлакат миллий манфаатларини фаол илгари суриш  назарда тутилган.

Қолаверса, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош устувор йўналиши бўлмиш Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, аҳил қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада жадаллаштириш мақсадида олий даражадаги мулоқот ва икки томонлама ҳамкорликнинг барча форматдаги механизмларидан самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Бу борада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ҳар йили мунтазам ташкил қилишни таъминлаш ва уларда фаол иштирок этиш ҳамда Марказий Осиё бўйича минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича вазифалар муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, аниқ чора-тадбирлар қаторида Қозоғистон ва Туркманистон билан чегараолди эркин савдо ҳудудларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўллари лойиҳаларини жадаллаштириш, қўшни давлатларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мухбирлик пунктларини очиш режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан кўп қиррали муносабатларини ривожлантириш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш, МДҲ мамлакатлари билан анъанавий стратегик ҳамкорликни жадаллаштириш, шунингдек Осиё, Европа, Америка, Африка ва Осиё-Тинч океани минтақасидаги стратегик шериклар ва ҳамкорлар билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, БМТ ва унинг муассасалари билан турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистон ташқи сиёсатда иқтисодий дипломатия самарадорлигини ошириш, жумладан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқи бозорига самарали кириш сингари устувор вазифалар белгиланган.

Ундан ташқари, Ўзбекистоннинг чет эллардаги фуқароларига хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларининг қамровини кенгайтириш, янги дипломатик ваколатхоналарни очиш, жаҳон саҳнасида Ўзбекистон имижини илгари суриш ҳамда мамлакатдаги ислоҳотлар ва демократик янгилаш жараёнлари ҳақида холис ахборот тарқатишни самарали давом эттириш, хорижий давлатларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштириш, Алишер Навоий халқаро институтини ташкил этиш ҳамда «Ўзбекистон маданият кунлари»  каби тадбирларни ўтказиш режалаштирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, «Ҳаракатлар стратегияси» доирасида ташқи сиёсат йўналишида амалга оширилган ислоҳотлар, айниқса Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари билан аҳил қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда етакчи хорижий давлатлар билан алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатлари, шунингдек минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида миллий манфаатларга асосланган ташаббусларни илгари сурилиши ва уларнинг халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида Ўзбекистоннинг халқаро майдонда обрўси ортиши билан бирга, минтақамиз улкан имкониятларга эга ҳамкорлик маконига айланди.

Эътиборлиси, жорий йилда Ўзбекистоннинг учта нуфузли халқаро ташкилот – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотларида раислик қилиши, шунингдек мамлакатимизда мазкур ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокида саммитларнинг режалаштирилаётганлиги Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолияти ва кўп томонлама дипломатиясида янги саҳифа очиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирда жаҳон миқёсида кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, коронавирус пандемияси, глобал иқтисодий инқироз, таъсир доираси ва табиий ресурслар учун тобора авж олаётган минтақалардаги геосиёсий рақобат ва мафкуравий кураш шароитида Ўзбекистонда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда халқаро майдонда ўзаро манфаатли, очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни изчил олиб бориш, миллий манфаатларни фаол илгари суриш долзарб аҳамият касб этади. Ўз навбатида, «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси»да белгиланган очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат йўналишидаги устувор вазифаларни самарали амалга ошириш ва стратегик мақсадлар эришиш алоҳида эътиборга моликдир.

 

Фаррух ҲАКИМОВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи