Ўзбекистоннинг диққатга сазовор тарихий жойларидан бири – Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони минекрафт видео ўйинида қайта тикланди.

1417-1660 йиллар мобайнида барпо этилган Регистон майдони учта мадрасадан иборат.

“Reddit” фойдаланувчиси “Pkmnsar” Регистон майдонини минекрафт виртуал оламида қайта яратиш учун 15 миллиондан ортиқ рақамли блокдан фойдаланган ҳолда бир йилдан ортиқ вақтини сарфлади.

Минекрафт талқинидаги Регистон дунё меъморчилигининг бетакрор намуналарини кенгроқ онлайн аудиторияга етказишга қаратилган “Маданий мўъжизалар” номли глобал туркумнинг бир қисмига айланди.

Бундан олдин Калеб Лиу, Жулиэн Денис ва Сайҳеж Сингх биргаликда Болгариядаги Aлександр Невский собори ва Венгрия парламенти биносини пиксел аниқлиги билан қайта яратган эди.

Энди улар бошқа фойдаланувчилардан минекрафт платформаси ёрдамида биноларни юклаб олиш ва мустақил равишда ўрганишни таклиф қилмоқда.

Ушбу мутахассисларнинг махсус веб-сайтида, жумладан, қуйидаги мазмунга эга изоҳни ўқиш мумкин:

— Биз маданий алмашинувга тўсқинлик қиладиган ҳар қандай тўсиқни йўлдан олиб ташлашга интиляпмиз. Ҳар ой биз ҳамма кўриши мумкин бўлган янги интерактив лойиҳалар, шунингдек, муайян бино тарихи ҳақида қисқача мақола чиқаришга ҳаракат қиляпмиз. Ер юзи бўйлаб турли сиёсий низолар ёки минтақавий беқарорлик туфайли айрим ҳудудларга саёҳат қилиш қийин ва хавфли тус олмоқда. Шу сабабли, биз бу муаммони шу тарзда ҳал этишга уриняпмиз.

Улуғбек Маҳмирзаев