11 январь куни Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасида Қозоғистонда содир бўлган фожиали воқеалар юзасидан брифинг бўлиб ўтди.

Унда Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дархан Сатибалди оммавий ахборот воситалари вакилларига содир бўлган фожиали воқеалар бўйича расмий маълумот берди. Мамлакатдаги мавжуд вазиятни айрим хориж оммавий ахборот воситалари бирёқлама талқин қилаётганини айтди.

– Айрим хориж оммавий ахборот воситаларида бу воқеаларни ёритишда бир томонлама ёндашув кузатиляпти, – деди Дархан Сатибалди. – Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) кучларидан фойдаланиш ҳам, расмийларнинг содир бўлаётган воқеаларга муносабати ҳам нотўғри талқин қилинмоқда. Аслида бўлиб ўтган воқеалар кўп қиррали эди. Соф иқтисодий талаблар билан бошланган намойишлар террорчи гуруҳлар томонидан мамлакат конституциявий тузумига путур етказиш учун фойдаланилган.

Элчи жаноблари брифинг иштирокчиларига асл воқеа қандай бошланганига ҳам муносабат билдирди.

– 2022 йил 2 январь куни Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида суюлтирилган газнинг чакана нархлари литри учун ўртача 60 тангадан 120 тангага ошишига қарши намойишлар бошланди. Намойишчилар уларни аввалги даражага туширишни, қатор ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишни талаб қилди. Намойишлар тўлқини бошқа бир қатор шаҳарларга ҳам тарқалди. Қозоғистон Президенти газ нархи ошишига қарши митинглар вақтида фуқароларни провокацияларга берилмасликка чақирди.

Акция иштирокчилари билан мулоқотни давом эттириш ва юзага келган муаммога ечим излаш учун Президент топшириғига кўра, Давлат комиссияси тузилиб, намойишчилар талабларини кўриб чиқиш бўйича республика штаби ташкил этилди. 4 январь куни ҳукумат газ нархини 50 тангага тушириш чораларини кўрди, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари, ёқилғи-мойлаш материаллари ва коммунал хизматлар нархларини оширишга мораторий жорий қилди. Ўз навбатида, суюлтирилган газни улгуржи сотувчилар нарх-навони оширишда ўзаро тил бириктирганликда гумонланиб, уларга нисбатан тергов ҳаракатлари бошланган. 5 январь куни давлат раҳбари Қозоғистон ҳукуматини истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳаракатлар келишмовчиликларни мулоқот орқали ҳал қилишга интилишни намойиш этди. Давлатимиз раҳбарининг жамоат тартибини сақлашга қаратилган чақирувларига қарамай, бузғунчи кучлар бир қатор йирик шаҳарлардаги норозилик намойишларидан вазиятни кескинлаштириш, зўравонлик ҳаракатларида фойдаланди. Шу муносабат билан Президент бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этилишини эълон қилди, – деди элчи жаноблари.

Брифингда қайд этилганидек, дастлаб намойишларда ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий талаблар қўйилган. Кейинчалик тинч йўл билан ўтказилган намойиш ҳеч қандай тушунарли талаблар қўймасдан, қуролли тўқнашувга айлангани, тинч аҳоли учун тўғридан-тўғри таҳдид, шунингдек, стратегик объектларда қўпорувчилик ҳаракатига айлангани ҳақида аниқ маълумот берилди.

– Энг қийин вазият Олмаота шаҳрида вужудга келди. 5 январь куни Олмаотада маъмурий ва ҳарбий объектларга ҳужумлар уюштирилган, аэропорт эгаллаб олинган, йўловчи ва юк самолётлари ушлаб турилган. Олмаота ички ишлар департаменти биноси атрофидаги жанг икки кеча давом этди. Мамлакатдаги вазият кескинлашгани муносабати билан Президент Қосим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимига киришди. 6 январь куни у мамлакатда миллий хавфсизликка таҳдидларни бартараф этиш ҳамда Қозоғистон фуқароларининг ҳаёти ва мулкини ҳимоя қилишга қаратилган аксилтеррор операциясини бошлашга буйруқ берди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум қилганлар орасида радикал гуруҳлар тарафида “қайноқ нуқталар”да жанговар ҳаракатларда тажрибага эга бўлганлар ҳам бор. Тартибсизликлар бир вақтнинг ўзида республиканинг 11 вилоятини қамраб олган, бу эса Олмаотада хавфсизлик чораларини кучайтиришга имкон бермаган. Вазиятни холисона баҳолаган давлат раҳбари Коллектив хавфсизлик шартномасининг 2 ва 4-моддаларига таянган ҳолда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатларга республикадаги вазиятни барқарорлаштиришга кўмаклашиш учун тинчликпарвар кучларни юборишни сўраб мурожаат қилди, – деди элчи.

Элчи жаноблари Қозоғистондаги бугунги вазият ва содир этилган кўнгилсиз воқеа қурбонлари ва йўқотишлар ҳақида ҳам тўхталди. Унинг таъкидлашича, террорчи гуруҳларга қарши ҳаракатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Қозоғистон Қуролли Кучлари томонидан олиб борилмоқда.

– Афсуски, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар орасида ҳам, тинч аҳоли орасида ҳам қурбонлар бор. Хавфсизлик кучлари орасидаги йўқотишлар 16 нафар ва ярадорлар 1 минг 300 нафардир. Жабр кўрганларнинг умумий сони аниқланмоқда. Бу бутун қозоқ халқи учун жуда катта фожиа. Содир бўлган фожиали воқеалар натижасида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Қозоғистон Президенти 2022 йил 10 январни умумхалқ мотам куни, деб эълон қилди. Қозоғистон халқининг бирдамлиги, улар Президент Қосим-Жомарт Тоқаевнинг тинч ҳаётни тиклаш бўйича қарорлари ва ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим, – дея таъкидлади элчи Дархан Сатибалди.

Брифингда элчи жаноблари Ўзбекистон раҳбариятига кўрсатган ёрдами учун ўз миннатдорлигини билдирди. 6 январь куни Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг телефон орқали мулоқотида Шавкат Мирзиёев Қозоғистон халқи ва раҳбариятининг мамлакатда барқарорликни таъминлашга интилишини доимий қўллаб-қувватлашини билдирди.

– Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонаси номидан Қозоғистон –Ўзбекистон чегарасининг ёпилиши ҳақидаги ёлғон хабарларни рад этмоқчиман. Назорат пунктлари одатдагидек ишлаган ва ишламоқда. Ҳаво қатнови тикланмоқда. Бугун Қозоғистонда вазият барқарорлашган. Мамлакат хавфсизлигига таҳдидларнинг олди олинди. Аксилтеррор операцияси доирасида жиноятларга алоқадор шахсларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда. Яқин вақт ичида дастлабки тергов якунланганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари Қозоғистонга нисбатан террорчилик ҳаракатларининг қўшимча далилларини тақдим этади, – деди брифингда элчи жаноблари.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА