«Жўжани кузда санашади», аммо, кундалик газета ва журналларга ким, қанча обуна бўлди, деган муҳим саволга қишнинг қоқ ўртасида жавоб берса, бўлади…

Янги йилдан бошлаб қўлимизга келиб тушаётган газеталарнинг мутолаадан олдин, албатта, ададига қур назар ташлаймиз. Рақамлар, афсуски, кишини қувонтирмайди.

«Нега? Нима учун?» деган саволлар пайдо бўлаверади.

Ҳаётдан бохабар бўлиш – уни тушуниш, китоб оламига саёҳат, бу – газета, журналлар мутолаасидан бошланади. Газета, журналлар – ҳаётимизнинг бир бўлаги.

35 миллион аҳоли истиқомат қилаётган мамлакатнинг кўзга кўринган газеталарининг янги йилдаги ададига бир эътибор қаратинг:

“Янги Ўзбекистон” газетаси – 18715 нусха;

“Халқ сўзи” – 35742 нусха;

“Ishonch”– 33839 нусха;

“Hurriyat” – 5000 нусха;

“XXI asr” – 3091 нусха;

“Adolat” – 2175 нусха;

“Oʻzbekiston ovozi” – 2010 нусха;

“Maʼrifat”– 3276 нусха

“Vatanparvar” –33552 нусха ;

“Mahalla”  –  4500 нусха;

“Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati”  – 925 нусха;

“Qishloq hayoti”  –  1600
нусха ;

“Tong yulduzi”  – 1500 нусха;

“Инсон ва қонун” –  4020 нусха

Кундалик нашрларга эътибор зарурлиги яққол кўзга ташланиб қолмоқда.

Матбуот – ҳукумат ва оддий халқ ўртасидаги кўприк.

Матбуот, бу – сиз ва бизга, турмуш тарзимизни ўзида кўрсатиб турувчи кўзгу…

Очиғи, оммавий ахборот воситаларининг бугунги тезкор замондан ортда қолиб кетаётган жойи йўқ. Ислоҳотлар таҳлили, жамиятнинг оғриқли муаммолари кундалик газеталарда ўз аксини топиб бораётганини матбуотни кузатаётган киши ҳис этмаслиги мумкин эмас. Матбуотнинг жонланиши, бу – жамиятнинг, сиз ва биз яшаб турган ижтимоий ҳаётнинг ҳам жонланиши, демак. Агар кимдир ОАВга сал тепароқдан туриб қараётган, “ҳаётдан орқада қолиб кетган”, дея пессимистик фикр билдираётган бўлса, бу кўпроқ ўша кишининг шахсий қусури. Сабаби, бугун нашр этилаётган газеталарнинг аксариятини мутолаа қилиб, кетган вақтингизга ачинмайсиз. Аксинча, кундалик матбуотда кўтарилаётган масалалар газетхонни ҳам ўз гирдобига тортади ва ҳаётга ҳушёрроқ нигоҳ билан боқишга ўргатади.

Ҳаёт билан ҳамнафас бўлиш, янгиликлардан вақтида бохабар бўлиш, катта мақсадлар сари дадил қадам ташлашимиз учун нигоҳимиз тушадиган, қўлимиз етадиган жойда газета-журналлар бўлишини бугунги кун, давр тақозо этади…

А.Нарзуллаев, ЎзА