Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида таъкидланганидек, банк тизимига рақамли технологияларни татбиқ этиш, трансформация  жараёнлари, янги банк маҳсулотлари ва хизматлари бўйича стратегик инвесторлар билан ҳамкорлик бу ҳозирги замон талаби.

Бугун тез, осон, қулай, масофадан туриб банк хизматларидан фойдаланишни истаймиз. Бундан 5-6 йил аввал кредит олиш тугул пластик картасидаги пулни нақдлаштиришнингўзи ҳам муаммо эди. Ҳозир борган сари мобил телефон орқали банк хизматларидан фойдаланиш тури ҳам кўпайиб бормоқда.

Банк молия бозорида эркин рақобат муҳитини яратиш, хизматлар сифатини оширишга қаратилган ислоҳотлар қиёсий таҳлили борасида ЎзА мухбири Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти доценти Фозил Додиев билан суҳбатлашди.

— Сўнги 3 йилда Ўзбекистонда валюта сиёсати билан боғлиқ кўплаб ўзгаришлар бўлди. Буни амалда кўриб хурсанд бўлдик. Лекин шунга қарамасдан валюта курси кескин ўзгаргани билан одамларнинг харид қобилияти ошмаяпти.  Буни мутахассис сифатида қандай изоҳлайсиз?

— Бундан 5 йил илгари мамлакатимизда нақд пул ёки валюта масаласи жуда мураккаб эди. Буни яширишга ҳожат йўқ. Энг қизиғи, ўз пластик картангиздаги пулни нақдлаштиришда жуда кўплаб машаққатларга дуч келинар эди. Ёки бўлмаса чет эл валютасини харид қилиш жуда муаммо эди. Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрда қабул қилган фармонлари билан валюта сиёсати либераллаштириш натижасида банк тизими тубдан ислоҳ қилинди.  Аввал мавжуд бўлган барча чекловлар бекор қилинди. Бугун эса валюта ёки нақд пул билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ. Таъбир жоиз бўлса, сўнги йилларда банк-молия тизимидаги энг зўр натижа бўлди. 2019 йил  жисмоний шахслар учун валюта айирбошлаш шохобчалари орқали нақд хорижий валюта сотуви жорий этилди.

Энди валютанинг курси ҳақиқий бозор курси билан талаб ва таклиф асосида аниқланади. Бошқа омиллар, хусусан маъмурий омиллар таъсир қилмайди. Ҳозир ҳар қандай инсон ёки корхона валютани истаган банкидан эркин сотиб олиши, сотиши мумкин. Бу ўз-ўзидан ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантиради. Ҳозир хорижий инвесторлар Ўзбекистонга қўрқмасдан келяпти. Чунки улар олган маблағнинг фойдасини чиқариб олиб, кета олади.

Валюта курсининг ўзгариб кетиши, кескин ошиб бориши бозорга боғлиқ. Агар бозорда ҳар қандай товарнинг миқдори ошса у арзонлашади. Демак биз бозорда талаб билан таклифни мувофиқлаштиришимиз керак.

— Қандай мувозанатлаштиришимиз керак?

— Агар ўз-ўзидан валютани сотиш кам бўлса унинг курси кўтарилаверади. Хорижий валютани кўпайтириш учун экспортни ривожлантиришимиз керак. Агар экспортни ривожлантирсак, Ўзбекистонга кўпроқ валюта келса, валюта бозори кўп бўлади. Бунинг натижасида валютанинг курси ҳам барқарорлашади.

Валютанинг ошишига таъсир қилувчи яна бошқа омиллар ҳам бор. Мисол учун Марказий банкнинг монетар сиёсати. Яъни, муомаладаги пул массасини жиловлаб турса, валютани сотиб олаётган сўм камаяди. Ўзбекистонда валюта курсига ижобий таъсир қилаётган нарсалардан бири пул ўтказмалари. Бу ҳам валюта курсининг ошмаслигига ёрдам беради. Энг асосий масала тўлов балансини яхши қилишимиз керак. Экспортни кўпайтириш ва хорижий давлатлардан кўпроқ инвестиция киришини таъминласак, шундагина валюта курси ошмайди.

— Миллий валютанинг қадрсизланишига нималар сабаб бўлади?

— Миллий валютамизнинг қадрсизланишининг олдини олиш учун экспорт ҳам битта омил, кейин инфляция билан боғлиқ. Инфляция – бу нарх барқарорлигини ушлаб туриш. Инфляция кучайса ҳам валюта курси тушиб кетаверади. Инфляция даражасини ушлаш учун Марказий банк жавоб беради. 2019 йил қабул қилинган “Марказий банк тўғрисида”ги қонунда Марказий банкка нархлар барқарорлигини таъминлаш, банк тизимининг барқарорлигини таъминлаш, тўлов тизимининг барқарорлигини таъминлаш каби вазифалар қўйилган.

Демак, Миллий валютанинг қадрсизланишини жиловлаш учун биринчи навбатда Марказий банк жавоб беради. Инфляциянинг юзага келишига 2 хил омил бор. Биринчиси, монетар омиллар, иккинчиси пул массасининг кўпайиши билан боғлиқ. Қайта молия ставкасини озроқ кўпайтириб қўйсангиз, пул массаси камаяди. Лекин номонетар факторлар бор. Номонетар факторларга Марказий банк таъсир қила олмайди.

Мисол учун, “Ўзбекэнергия” электр энергиянинг нархини оширди. Буни Марказий банк кўтарма, дея олмайди. Энергиянинг нарх кўтарилганидан кейин ҳамма нарсанинг нархи кўтарилади. Бунинг натижасида нархлар ошиб кетади. Энди номонетар факторларни камайтириш учун энг муҳим нарсалардан биттаси республикамизда монополияларни тугатиш керак.

Бугунги кунда Ўзбекистонда расмий рўйхатга олинган монополия 135 тани ташкил этади. Бундан ташқари бошқа сунъий монополиялар бор. Мисол учун, учта корхона келишиб юқори нархни ушлаб туради. Ўйлайсиз, бозорда 3  корхона ишлайди, деб. Улар нархни ушлаб турибди. Қолганлар ҳам улардан кўриб, нархни кўтаради. Шу сабабли мамлакатимизда монополияга чек қўйишимиз керак.

— Ўзбекистон тижорат банкларидаги кредит фоиз ставкалари ҳамда Россия ва Қозоғистон ўртасида тафовут жуда катта. Қозоғистон банкларидаги кредитнинг фоиз ставкалари 8-9 фоизни ташкил этса, Россияда бу кўрсаткич 5 фоиз. Ўзбекистонда эса 21-26 фоизни ташкил этмоқда. Нима учун бизда кредит фоизлари юқори?

— Жуда ўринли савол бердингиз. Бу жуда кўпчиликни жумладан, тадбиркорларни қийнаётган муаммо ҳисобланади. Бу масала Марказий банкни ҳам ўйлантириб қўйган. Агар кредит фоиз ставкаси тушса, тадбиркорлар ишлаб чиқаришни кенгайтиради. Лекин иккинчи томони ҳам бор. Биринчидан, иқтисодиётда макроиқтисодий барқарорлик. Агар инфляция даражаси юқори бўлса, тадбиркорлар, одамлар қийин аҳволга тушиб қолади. Нарх-наво ошиб кетади. Тадбиркор инвестиция киритишга қизиқмайди. Чунки самарадорлик пасайиб кетади. Қўйган пулини қайтариб ололмайди.

Шунинг учун Марказий банк биринчи навбатда инфляцияни тушириши керак. Бунинг учун қайта молия ставкасини кўтариброқ туриш керак. Бизда инфляция даражаси 11,1 фоиз бўлса, қайта молия ставкаси 14 фоиз. Қозоғистонда инфляция даражаси 7,4 фоиз, қайта молия ставкаси 9 фоизни ташкил этади.

Инфляция тушаверганидан кейин, қайта молия ставкаси ҳам тушади. Яқинда Президентимизнинг фармони билан Марказий банкка 2023 йилга бориб инфляция даражасини 5 фоизга тушириш вазифаси қўйилган. Ҳозирда Марказий банк шу масала устида ишлаяпти. Агар 2023 йилга бориб инфляция даражаси 5 фоизга тушса, қайта молия ставкаси ҳам тушади. Бунинг натижасида фоиз ставкаси ҳам тушади.

— Келинг, тижорат банкларини Россия, АҚШнинг тижорат банклари билан эмас, қўшни Қозоғистоннинг тижорат банкларининг айрим кўрсаткичлари билан таққосласак. Бугунги кунда Ўзбекистондаги тижорат банкларининг капиталлашуви даражаси Қозоғистон банклари билан қанчалик тафовут қилади? Банклар капиталлашувига нима тўсқинлик қиляпти?

— Статистикага қарасак, Ўзбекистондаги тижорат банкларидаги капиталлашув даражаси ўсган. Лекин Қозоғистондаги тижорат банкларининг капиталлашуви юқори. Нима учун? Кўп нарса ЯИМга боғлиқ. 2020 йил якуни бўйича Қозоғистонда ЯИМ 169,8 миллиард долларни ташкил этади. Ўзбекистонда бу кўрсатгич 57,7 миллиардни ташкил этди.

Бундан кўриниб турибдики, Қозоғистонда ЯИМ кўрсаткичи қарийб 2,7 баробар кўп. Бунақа вақтда албатта капиталлашуви даражаси уларда юқори бўлади. Чунки мижоз бой бўлмаса, банклар бой бўлмайди. Ёки иккинчи кўрсаткични олиб қарайдиган бўлсак, Қозоғистонда аҳоли жон бошига ЯИМ 9минг 55 долларни ташкил этяпти. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 1 минг 685 доллар. Айтиш жоиз, ҳар бир одам истеъмолидан ортиқча маблағни жамғаради ва уни капиталга айлантиради. Бизда жон бошига кам маблағ ажратилгани туфайли одамларимизда капиталлашувга маблағ етишмайди. Шу боисдан банк тизими реал иқтисодий сектор билан боғлиқ. Мамлакатимиздаги тадбиркорлар, аҳоли бой бўлсагина, банкларимиз ҳам бой бўлади.

— Навбатдаги саволимиз ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлаётган масалага қаратилган. Яъни, халқаро амалиётда давлат қарзи бўйича Маастрихт шартномаси талаблари қўлланилмоқда. Унга кўра, давлатнинг жами қарзи ЯИМга нисбатан 60 фоизидан ошмаслиги керак. Шунда давлатнинг ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 30 фоиздан ошмаслиги керак. Бизда ҳозир давлатларнинг ташқи қарзи ЯИМга нисбатан неча  фоизни ташкил этяпти?

— Тўғри сўнгги вақтларда мамлакатимизнинг ташқи қарзи мутахассислар томонидан кенг муҳокама бўляпти. Айтиш жоиз, кейинги вақтларда ташқи қарзимиз халқаро меъёрлардан кескин ошиб кетмаган бўлса ҳам аммо ташқи қарзимизнинг ўсиш суратлари юқори бўлди. Маастрихт шартномаси евро ҳудудга кирувчи давлатлар учун ўрнатилган. Унга кўра, давлатнинг қарзи ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги керак. Лекин унинг 30 фоизи ички қарз бўлиши керак 30 фоизи ташқи қарз бўлиши керак. Евро зонасидаги давлатлар эса жуда ривожланган давлатлар ҳисобланади.

Энди бундан ҳам ривожланган давлатлар бор. Дунёнинг энг ривожланган давлати бу АҚШ. Шунга қарамасдан дунёда энг катта қарзи бор давлат ҳам АҚШ ҳисобланади. Адашмасам, АҚШнинг ташқи қарзи 20 триллиондан ҳам ошиб кетди. Бу ЯИМдан ҳам ошди.

Дунёда энг кўп ташқи қарз олган давлат бу Хитой ҳисобланади. Энг катта қарз ва дунёни таҳликага солаётгани шу. Иккинчи қарзи катта давлатлардан биттаси Япония. Аммо Япониянинг қарзи бошқачароқ. Япониянинг қарзи ЯИМ нисбатан адашмасам 200 фоиздан ошади. Бу давлат асосий қарзни ичкаридан олган.

Энди Ўзбекистонинг ташқи қарзини олиб қарасак, 2020 йилнинг 1 январида 33,8 миллиард экан. Бу умумий давлат қарзи. Хусусий сектор қарзи бор, умумий сектор қарзи бор. Кўпчилик буни адаштиради.  Давлат қарзи 1 январь ҳолатига кўра, 21 миллардан ошади. Бу ЯИМнинг 36 фоизи атрофида. Лекин бизнинг ички қарзимиз ҳам бор. Ички қарзимиз 2,2 миллиард АҚШ доллари атрофида. Бу ЯИМнинг 4 фоизини ташкил этади. Агар икковини қўшса ЯИМнинг 40 фоизи атрофида бўлади. Лекин бизнинг ичкаридан қарзимиз кам, ташқи қарзимиз бир оз кўп.

Олинган ташқи қарз бўйича менда маълумот йўқ. Лекин олинган қарзлар нафақат ижтимоий соҳаларга, балки Ўзбекистонда ишлаб чиқариш инфратузилмасини яратишга ҳам сарфланса мақсадга мувофиқ бўлади. Мисол учун чекка қишлоқларга газ, светни яхшиласак, ўша ерларга саноат кириб боради. Бу мамлакат иқтисодиётини ривожлантиради. Ёки илмий техникаси юқори бўлган маҳсулотни яратишда давлат кўмаклашиб, молиялаштирса, унинг самарадорлиги юқори бўлади.

ЎзА мухбири 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА 

суҳбатлашди