ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғона водийсининг ўзига хос об-ҳавоси, шифобахш табиий маъданли сувлари минг дардга даво, дейдилар. Шу боис, ҳар йили Фарғона туманининг тоғолди Чимён қишлоғидаги сиҳатгоҳларда ўн минглаб одамлар дам олиб, соғлиғини тиклайди.

Янги йилнинг дастлабки кунлари Қорақалпоғистоннинг бепоён далаю даштларида меҳнатдан қўли қаварган фидойи деҳқонлар, қишлоқ хўжалиги мутахассисларидан қирқ нафари Фарғонага дам олиш учун келди. Улар Кегейли ва Чимбой туманларида ташкил этилган агрокластернинг фермер ва хизматчиларидир.

Меҳмонлар Марғилон темир йўли вокзалида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Уларга фарғонача чопон, дўппи кийдирилди.

– Чимённинг таркибида сероводород бўлган сувлари таърифини эшитганмиз, – дейди Жарлиқосим Бердимуродов. – Чимбой ва Кегейлида мана икки йилдирки, фарғоналик деҳқонлар билан елкама-елка меҳнат қиляпмиз. Илгари ҳосилдорлик пастлигига тупроқ шароити, сув етишмовчилиги, табиий иқлим сабаб, деб ҳисоблардик. Фарғоналик деҳқон ва мутахассислар фикримизни мутлақо ўзгартириб юборди. Агар илгари ҳар гектаридан ўртача 21-22 центнердан пахта ҳосили олган бўлсак, 2021 йилда фарғонача усулни қўллаб, ҳосилдорликни ўртача 26 центнерга кўтардик.

Агрокластердаги 12 минг гектарнинг 800 гектарида томчилатиб суғоришни жорий этган эдик. Бу йил эса яна 1400 гектарда сувни тежовчи технологияни қўллаймиз. Экин майдонлари 100 фоиз кузги ҳайдовдан чиқарилди. Яхоб бериш, шўр ювиш барча майдонни қоплайди. 2-3 йилдан сўнг агрокластер тўлиқ томчилатиб суғоришга ўтади. Айни чоғда пахтани чуқур қайта ишлаш тўқимачилик корхоналари қуриляпти. Замонавий ёғ-мой корхонаси ҳам ишга тушади. Хуллас, фарғоналик деҳқонлар турмуш тарзимизни ўзгартиришда, даромадимиз орттиришда, мутлақо янгича деҳқончилик маданиятини шакллантиришда катта ҳисса қўшяпти. Уларнинг таклифи билан қорақалпоқ фермерлари Фарғонада дам олади.

Шу куниёқ қорақалпоғистонлик меҳмонлар Чимён сиҳатгоҳларига жойлаштирилди.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА