Биродар Қозоғистонда кечаётган воқеалар Ўзбекистон томонидан хавотир билан қабул қилиниб, ушбу мамлакатдаги вазият ривожи диққат билан кузатиб борилмоқда.

Донишманд Қозоғистон халқи мамлакатда беқарорлик кескинлашувининг олдини олиш, зўравонлик юзага келиши, инсонлар қурбон бўлишига йўл қўймасликни уддалашига ишончимиз комил.

Қозоғистонликлар ўзаро бирликни сақлаб қолиш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни тиклаш ҳамда юзага келган муаммоларни мустақил ҳал қилиш учун етарли қатъият ва иродага эгалигига ишонамиз.

Ўзбекистон Қозоғистон халқи ва раҳбариятининг мамлакат барқарорлиги ва тараққиётини, миллат фаровонлигини таъминлаш йўлидаги интилишларини доимо қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлайди.

Ташқи ишлар вазирлиги

матбуот хизмати