Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари нархларини манипуляция қилиш, уларга бўлган сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтириш ҳолатларининг олдини олиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида жами 18 та деҳқон бозори, 1 та қурилиш бозори ва 3 та буюм бозори ва савдо комплекслари фаолият юритиб келмоқда. Деҳқон бозорларидаги ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида барча бозорларда қишлоқ хўжалиги ярмаркалари ташкил қилиниб, департамент, солиқ органлари ва монополияга қарши курашиш бошқармаси ходимлари бириктирилган. Ярмаркаларда 593 та деҳқон, фермер ва тадбиркорлик субъекти жалб қилинди.
Жорий йилда нархлар мўътадиллигини сақлаш мақсадида жами 910 тонна картошка, 565 тонна пиёз, 443 тонна сабзи, 118 тонна товуқ гўшти, 917 минг дона тухум, 177,7 тонна мол гўшти, 63,5 тонна шакар, 516 тонна ўсимлик ёғи, 737,5 тонна пахта ёғи ва 1951 тонна бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги кузатилаётган бозорларга интервенция қилинди.
Ташкил қилинаётган ярмаркаларга кўшимча равишда йирик импортёрлар бириктирилиб, ўсимлик ёғи ва шакар маҳсулотлари арзон нархларда сотилиши йўлга қўйилди. Биргина, Нукус шаҳар деҳқон бозорида ташкил қилинган арзонлаштирилган расталарда “Nukus standart commerce” масъулияти чекланган жамияти томонидан импорт қилинган ўсимлик ёғининг 1 литри 18300 сўмдан кунлик сотилиши йўлга қўйилиб, бир кунда ўртача 1 тоннагача ўсимлик ёғи сотилмоқда.
Қиш-бахор ойларида аҳолига озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси жамғарилиши борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари захираси бўйича “Нукус Дилиша”, “Qiyat”, “Medasiatex Cluster”, “Claster Behruz Jahangir” ва «NIGORA-MAHINA» масъулияти чекланган жамиятлари бириктирилган бўлиб, уларга 3379 тонна захира жамғариш режаси берилган. Ҳозирда омборларда 1830 тонна картошка жамғарилган ҳамда қолган қисмини олиб келиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15-апрельдаги “Коронавирус пандемияси шароитида республика аҳолисига давлат ресурслари ҳисобига ун маҳсулотларини тизимли ва кафолатли етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги йиғилиш баёнининг 2-банди ижросини таъминлаш мақсадида 5 та дон корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган ун маҳсулотларини аҳолига кафолатли етказиб бериш ишлари ҳам назоратга олинган. Хусусан, жорий йилнинг декабрь ойида дислокацияга киритилган 536 та, шундан 273 таси унни қайта ишловчи, 261 таси аҳолига етказиб берувчи тадбиркорлар ҳамда 3 та ижтимоий соҳа вакиллари томонидан 3018,0 тонна ун маҳсулоти дон корхоналаридан олиниб, аҳолига етказиб берилди.
– Байрам арафасида маҳсулотлар шаҳарликлар дастурхонига арзон ва сифатли етказиб берилмоқда, – дейди меҳнат фахрийси Рустем Даўлетмуратов. – Нарх-наволар бозорларга нисбатан анча арзон. Янги йил байрами арафасида давлатимиз томонидан аҳолига яратилаётган бундай қулайликлардан миннатдормиз.
Бозорларда ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш борасида қатъий назорат ўрнатилиб, тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА