Ўзбекистон Республикаси томонидан Афғонистонга етказилган инсонпарварлик юки 23 декабрь куни Мозори Шариф шаҳрида биродар халққа тантанали суръатда топширилди.

Ун, гуруч, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, биринчи навбатда зарур бўладиган товарлар, кийим-кечак, тўқимачилик моллари, умумий оғирлиги 4 минг тоннадан зиёд кўмир ёқилғисидан иборат ушбу гуманитар ёрдами ўзбек халқининг Афғонистонга кўрсатган навбатдаги хайрихоҳлиги бўлди. Маросимда сўзга чиққан Афғонистон Муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири ўринбосари Шер Аббос Станикзай мамлакат учун оғир дамда кўрсатилаётган доимий эътибор, қўллаб-қувватлов ва бирдамлик учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга бутун афғон халқи номидан чуқур миннатдорлик билдирди.

Афғонистон халқига кўмаклашиш чақириғига давлатимиз раҳбари биринчилардан бўлиб эътибор қаратгани, унинг сиёсатини бу кўп миллатли халқ чинакам инсонпарварлик, биродарлик ва яхши қўшничиликнинг чинакам ифодаси сифатида қабул қилаётгани алоҳида қайд этилди. Аббос Станикзай афғон халқи Ўзбекистон етакчисининг биродарлик муносабатини доимо ҳис қилиб келганини эътироф этаркан, мамлакатнинг янги ҳокимият идоралари томонидан яхши қўшничилик муносабатини янада мустаҳкамлаш учун бор имконият ишга солиниши, шунингдек, ўз ҳудудидан қўшни давлатларга, жумладан, Ўзбекистонга ҳеч қандай таҳдидларга йўл қўйилмаслигини билдирди. Балх вилояти ҳокими Қудратилла Абу Ҳамза айни вақтида кўрсатилаётган мазкур инсонпарварлик ёрдами қиш фаслида афғон халқи учун алоҳида аҳамият касб этишини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бу икки биродар халқ ўртасидаги чуқур тарихий ва маънавий алоқаларнинг яна бир далилидир.

Афғонистон жамоатчилиги, жумладан, этник ўзбеклар вакиллари – таниқли арбоблар ўзлари учун энг оғир ва синовли дамда уларнинг эҳтиёжи, ўй-фикрларини ҳеч қачон унутмаган, доимо юракдан ҳис қилган, афғон халқининг ҳамиша ҳақиқий дўсти бўлиб қолган Ўзбекистон раҳбарига мислсиз ёрдам учун яна бир бор самимий миннатдорлик изҳор этишди. Ўзбекистон томонидан кўрсатилган бу ёрдам аслида мамлакатда оммавий очарчилик, оғир гуманитар ва озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди. Тадбир сўнгида миллий қадриятимиз намойиши, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги рамзи сифатида барча йиғилганларга, Афғонистон жамоатчилиги вакилларига уста ошпазларимиз томонидан тайёрланган палов тарқатилди.

 

ЎзА