15 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда ҳукумат аъзолари ва идоралар раҳбарлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис “O’zbekiston” ва “O’zReport” телеканаллари, Олий Мажлис Сенати расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жонли эфирда узатилди.

Дастлаб сенаторлар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил 9 ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Бюджет ижросини таъминлашда асосий эътибор иқтисодий барқарорликни сақлаш, ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларидаги вазифаларга қаратилган.

“2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуннинг 9 ойидаги ижроси белгиланган параметрлар доирасида таъминланган.

Ўз вақтида мувофиқлаштирилган фискал ва пул-кредит чоралари туфайли ҳисобот даврида республика иқтисодиёти 6,9 фоизга ўсган, ЯИМ ҳажми 519,8 триллион сўмни ташкил этган.

Иқтисодий ўсиш суръатлари саноатда 9,0 фоизни, қурилиш соҳасида 4,5 фоизни, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида 4,2 фоизни ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасида 7,6 фоизни ташкил этган. Иқтисодиётда ўсиш суръатларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида инфляция даражаси йил бошидан 5,9 фоизни ташкил этган.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 116 триллион сўмни ташкил этиб, белгиланган прогноз 108,4 фоизга ёки 9,0 триллион сўмга ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,6 триллион сўмга кўпайган.

Давлат бюджетининг 2021 йил 9 ойлик харажатлари давлат мақсадли жамғармаларисиз 130 триллион 265,1 миллиард сўмни ташкил этиб, аниқланган режа кўрсаткичларига нисбатан 95,8 фоизни ёки ЯИМга нисбатан 25,1 фоизни ташкил этган.

Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетлар даромадлар қисми прогнозга нисбатан 120 фоизга бажарилган ёки 25 триллион 495 миллиард сўмни, харажатлар қисми эса режага нисбатан 104 фоизга ижро этилиб, 46 триллион 497 миллиард сўмни ташкил этган.

Маҳаллий бюджетлар мустақиллигини ошириш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида маҳаллий бюджетлар даромад кўрсаткичи 6 триллион 385 миллиард сўмга ортиғи билан ижро этилган.

Бу эса, ўз навбатида, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва камбағалликни қисқартириш, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловларини ўз вақтида амалга ошириш имконини берди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ижтимоий соҳага Давлат бюджетидан 64 триллион 38 миллиард сўм ёки умумий харажатларнинг 49,2 фоизи миқдорида маблағ ажратилган.

Сенаторлар ҳисобот даврида бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида ягона ғазна ҳисобварағининг ишончли ва барқарор ишлаши ҳамда инсон омили аралашувини қисқартириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигига эътибор қаратди.

Молия вазирлигига бюджетдан маблағ олувчи вазирлик ва идоралар билан биргаликда ажратилган маблағлардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланиш устидан таъсирчан назорат тизимини ўрнатиш, бюджет маблағларининг натижадорлигини таъминлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан бюджет харажатлари устидан назоратни кучайтириш мақсадида вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан расмий веб-сайтларда бюджет маблағлари харажатлари, бюджет очиқлигини таъминлаш юзасидан тегишли маълумотларни жойлаштириш зарурлиги билдирилди.

Бундан ташқари, аҳолини ташвишга солаётган ижтимоий муаммоларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, жумладан, “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” маблағларини шакллантириш, улардан самарали ва мақсадли фойдаланиш бўйича маълумотларни расмий веб-сайтга, жумладан, “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштиришни доимий назорат қилиш лозимлиги таъкидланди.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ижтимоий ҳимоянинг манзиллилигини кучайтириш зарурлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Давлат бюджетининг 2021 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра сенаторлар томонидан “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш  ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Қонуннинг асосий мақсади 2021 йилда қабул қилинган дастурлар ва қарорлардаги устувор вазифалар ижросини таъминлаш ва уларнинг молиялаштириш манбаларини аниқлашдан иборат.

Қонун билан бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорларига ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари прогнози ҳамда харажатлари, шунингдек, республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари оширилмоқда.

Шу мақсадда “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”да шаклланган миқдори 1 миллиард сўмгача бўлган ҳамда келиб тушган таклифлар сони 100 тадан ортиқ бўлган туманларга (шаҳарларга) республика бюджетидан қўшимча 117 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилмоқда.

Муҳим ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тадбирларини амалга ошириш учун Сирдарё, Жиззах ва Навоий вилоятларига қўшимча 300 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда.

Шунингдек, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш, шу жумладан, инфратузилма объектларини қуриш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун қўшимча 200 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда.

Бундан ташқари, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармага қўшимча 50 миллиард сўм трансфертлар йўналтирилмоқда.

Қонуннинг маъқулланиши республика бюджетидан маблағ ажратиш, маҳаллий бюджетлардан ушбу мақсадларга сарфланиши назарда тутилган маблағларни ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтириш имконини яратади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг ялпи мажлисда “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, мазкур Қонун билан 2022 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг прогнозлари ҳамда 2023-2024 йиллар учун бюджет белгиланмоқда.

Асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, Давлат бюджети харажатларининг самарадорлиги ва натижадорлиги ҳамда иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, инвестициялар жалб этувчанлик ва ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантиришга йўналтирилган солиқ сиёсатини татбиқ этиш мақсадларига қаратилган.

Шунингдек, Қонунни ишлаб чиқишда 2022-2026 йиллардаги солиқ ва бюджет сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганини таъминлаш, “натижага қаратилган бюджет” тизимини жорий этишга ва бюджет жараёни иштирокчиларининг масъулиятини ошириш тамойилларига қатъий риоя қилинган.

Қонунда солиқ сиёсатига муҳим ўзгаришлар киритилган. Бунда ялпи ички маҳсулотда салмоқли улушга эга ишлаб чиқариш соҳаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш назарда тутилган.

Жумладан, 2022 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари 6,0 фоизни, шу жумладан, саноатда 7,0 фоизни, қурилиш соҳасида 8,1 фоизни, қишлоқ хўжалиги соҳасида 3,3 фоизни ташкил этиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори 2022 йил учун ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи миқдорида белгиланмоқда.

Бунда бюджет тақчиллигининг чекланган миқдоридан ошишига олиб келиши мумкин бўлган қўшимча харажатлар фақатгина қўшимча даромад манбаи мавжуд бўлганда ёки бошқа харажатларни қисқартириш ҳисобига амалга оширилиши назарда тутилган. Инфляция даражасининг пасайиши тенденцияси давом этиши ва келгуси йилда у 9 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Қонун билан биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчилар Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан маблағ олувчи қуйи ташкилотларга ўзларига ажратилган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларининг 10 фоизгача қисмини Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан йўналтиришга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.

Ижтимоий жиҳатдан аҳамиятга молик давлат дастурларини ҳамда ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш инфратузилмасини шакллантиришга доир лойиҳаларни молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида чет эл манбаларидан грант асосида ажратилган маблағларнинг биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун ажратилиши белгиланган миқдорларини ушбу Қонунга ўзгартириш киритмасдан кўпайтириш назарда тутилмоқда.

2022 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 254,6 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 30,3 фоизи даражасида прогноз қилинмоқда. Давлат бюджети даромадлари 199,5 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 23,8 фоизи миқдорида белгиланмоқда.

Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 31,9 триллион сўм, харажатлари эса 58,7 триллион сўм миқдорида режалаштирилган.

Бундан ташқари, Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага, хусусан, таълим соҳаси харажатларига 46,9 триллион сўм, соғлиқни сақлаш соҳаси харажатларига 22,8 триллион сўм, маданият ва спорт соҳаси харажатларига 3,4 триллион сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,5 триллион сўм йўналтириш белгиланмоқда.

Қонун билан кўп квартирали уй-жой фондига туташ ҳудудларни таъмирлаш харажатлари ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимига кирувчи иссиқлик таъминоти ташкилотларининг иссиқлик тармоқлари ва қозонхона ускуналарини капитал таъмирлаш харажатларини Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириш тартиби жорий қилинмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат. Бюджетни шакллантиришда маҳаллий Кенгашлар ваколатлари янада кенгайтирилиши муносабати билан мамлакатимизнинг барча туманларида (шаҳарларида) тегишли бюджетлар тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Бундан ташқари, туманлар (шаҳарлар) бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ҳам йўналтирилади.

Жумладан, Қонунда “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га 1 триллион 553 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиш назарда тутилган.

Сенаторлар таъкидлаганидек, Давлат бюджети маблағларидан адолатли ҳамда мақсадли фойдаланиш устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш лозим.

Сенат аъзолари томонидан мазкур Қонун маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни муҳокама этдилар.

Таъкидланганидек, Солиқ кодексига солиқ юкини қисқартириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш борасидаги қатор янги нормалар киритилмоқда.

Хусусан, қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) яхлит занжирини таъминлаш ҳамда маҳсулот (хизматлар) таннархи ва фойда суммасини ҳисоблашда хатоликларнинг олдини олиш мақсадида бюджет ташкилотларидан ташқари жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳам ҚҚС объекти сифатида белгиланмоқда.

Тадбиркорлик субъектларини асосий воситалар ва асбоб-ускуналарни доимий янгилашга рағбатлантириш учун солиқ мақсадларида асосий воситаларни қайта тиклашга ҳисобланадиган амортизация ажратмалари нормалари миқдорларининг оширилиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, инновацион ҳамда ички ва ташқи инвестицион фаолиятни рағбатлантириш мақсадида қўшимча “инвестициявий чегирма” нормаси киритилмоқда. Шунингдек, “илмий тадқиқотларга ва (ёки) тажриба-конструкторлик ишланмаларига доир харажатлар”ни ҳисобга олиш халқаро стандартларга мувофиқлаштирилмоқда.

Фаолият шаклидан қатъий назар солиқ тўловчиларнинг барча тоифалари учун соф фойдани солиққа тортишнинг ягона шарт-шароитларини яратиш мақсадида норезидентларнинг республика ҳудудида оладиган дивидендлари ҳамда хорижий инвесторлар киритган инвестициялардан дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадларидан солиқ тўлаши тартиби киритилмоқда.

Қонунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 13 июлдаги Фармони талабларидан келиб чиқиб, ёш оила томонидан олинган ипотека кредитлари ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни эр-хотин ёки улардан бирининг ёши белгиланган ёшдан ошгунига қадар ҳар бир солиқ даври давомида тегишли миқдорда қоплашга йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 9 августдаги қарорига мувофиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун белгиланган имтиёз қўшимча равишда уларга давлат томонидан ажратиладиган уй-жойлар бўйича улар 23 ёшга тўлгунига қадар амал қилиши белгиланиб, мол-мулк солиғидан озод этилмоқда.

Бюджетга солиқ тушумларининг тўлиқлигини таъминлаш, маҳаллий бюджетлар даромад базасини ошириш, шунингдек, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш мақсадида биноларга мол-мулк солиғини ҳисоблаш учун минимал қиймат белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш, товар ва маҳсулот кузатишнинг тўлиқ тизимини яратиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ҳисобварақ-фактура ёки назорат-касса машинаси чекларида хўжалик юритувчи субъект амалга оширадиган фаолият тури ва хусусияти ёки харид қилинган товарлар (хизматлар) номенклатурасига мос келмайдиган идентификация кодларини акс эттириш ҳолатлари бўйича жарима белгиланмоқда.

Қонун билан мулк солиғи, ер солиғи ставкалари ва имтиёзлари бўйича ўзгартишлар, фойдали қазилмани қазиб олиш (ажратиб олиш) ҳажми ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, фойдали қазилмаларнинг айрим турларига нисбатан солиқ базасини аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари, фойдали қазилмаларни қазиб олишда махсус рента солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш бўйича қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу Қонун ҳам маъқулланди.

Шундан сўнг “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси, “Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини ташқи аудитдан ўтказиш ва баҳолаш тизими жорий этилиб, Қонунда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини шакллантириш ва уларни ижро этиш тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни Ҳисоб палатаси томонидан ҳар йили ташқи аудитдан ўтказиш ҳамда баҳолаш тизими жорий этилмоқда.

Бюджет кодексида Ҳисоб палатасининг ваколатлари ҳам кенгайтирилиб, у Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва ўрта муддатли давр учун фискал стратегия бўйича Вазирлар Маҳкамасига, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳалари бўйича эса тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига хулоса тақдим этиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Қонун билан вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари консолидациялашган бюджет таркибига киритилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган, аммо унинг таркибига кирмайдиган жамғармаларни ташкил этишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

Қонуннинг маъқулланиши бюджет жараёнининг очиқлиги, тўлиқлиги ва халқаро стандартларга мослигини таъминлашга кўмаклашади ҳамда бюджет жараёни устидан жамоатчилик назорати кучайтирилишига ижобий таъсир кўрсатади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ялпи мажлисда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижро этилишининг бориши ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, сўнги йилларда Оролбўйи минтақасида инвестициялар жалб этувчанликни ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, Орол денгизининг экологик ҳалокати оқибатларини юмшатиш борасида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Сенаторлар Президентимиз томонидан охирги бир йил мобайнида мазкур ҳудуд бўйича 5 та фармон ва қарорлар қабул қилинганини, ушбу ҳужжатларда Қорақалпоғистонда ижтимоий-иқтисодий тармоқларни тубдан ислоҳ қилиш, хорижий ва маҳаллий инвесторларни кенг жалб қилиш назарда тутилганини алоҳида эътироф этди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 11 ноябрдаги ПҚ–4889-сонли қарорига мувофиқ 1 минг 359 та лойиҳа доирасида 12 триллион 259,1 миллиард сўмлик кенг кўламли ишлар амалга оширилиши ва 17 минг 259 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.

Сенат томонидан қатъий парламент назорати ўрнатилиши натижасида, шунингдек, жойларда олиб борилган саъй-ҳаракатлар, юзага келган муаммоларга жойида ечим топиш борасида кўрилган чора-тадбирлар туфайли қиймати 8 триллион 846,2 миллиард сўмлик 1 минг 65 та (78 фоиз) лойиҳа ишга туширилган ҳамда 8 минг 372 та янги иш ўрни ташкил этилган.

Шунингдек, 46 та лойиҳа муддатидан олдин ишга туширилиб, 239 та янги иш ўрни яратилган. Бундан ташқари йўл, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича 201,3 миллиард сўмлик маблағ ўзлаштирилган ҳамда 79 та ижтимоий соҳа объектида 233,3 миллиард сўмлик ишлар бажарилган.

Ижтимоий-иқтисодий шароити оғир тоифага киритилган 45 та маҳалла ва овулда хизмат кўрсатиш соҳасида янги 74 та тадбиркорлик субъекти ташкил қилинган, барча маҳалла фуқарорлар йиғинларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Сенаторлар амалга оширилаётган ишлар натижасида аҳоли турмуш даражаси ошаётгани, янги иш ўринлари яратилаётгани, аҳоли даромадлари кўпаяётгани билан бирга айрим муаммоли масалалар мавжудлигини ҳам қайд этдилар.

Хусусан, 2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган 124 та лойиҳани ишга тушириш муддатини узайтириш зарурати вужудга келган.

Қораўзак туманида қиймати 3 миллиард сўм ва Қўнғирот туманида қиймати 5,5 миллиард сўм бўлган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шаҳобчаларини ташкил этиш лойиҳаларига Энергетика вазирлиги томонидан рухсатнома тақдим этиш муддати кечиктирилмоқда.

Қораўзак туманида вермикулит қазиб олишни кенгайтириш ва уни чуқур қайта ишлаш бўйича умумий қиймати 8,9 миллиард сўмга тенг 3 та лойиҳа бўйича Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасидан лицензия олиш учун ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилмаган.

Ҳудудда амалга оширилаётган 555,5 миллион долларга тенг бўлган 5 та лойиҳа бўйича ишлар охирига етказилмаган, 280,3 миллион доллар ҳажмидаги 13 та лойиҳа бўйича ишларни жадаллаштириш лозим.

Шу билан бирга, “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси бўйича жорий йилда режалаштирилган 56,2 миллион долларга тенг кредит маблағларининг атиги 21,32 миллион доллар ўзлаштирилган.

“Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик сув таъминоти тизимларини ривожлантириш” лойиҳаси бўйича Нукус, Беруний, Мўйноқ, Қўнғирот, Қораўзак ва Амударё туманларидаги сув иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш учун жорий йилда ўзлаштирилиши режалаштирилган 21,9 миллион долларга тенг маблағнинг 1,7 миллион доллар ўзлаштирилган, холос.

Муҳокамалар якунида Сенатнинг мавжуд муаммоларни зудлик билан ҳал этиш, чора-тадбирлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш назарда тутилган тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра сенаторлар томонидан “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Қонун муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, узоқ йиллар давомида трансплантация йўналиши бўйича қонунчилик асослари яратилмагани трансплантологиянинг клиник фан сифатида тўхтаб қолган ва касалликларга чалинган кўп сонли беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконияти йўқотилишига олиб келди.

Ушбу вазият баъзи беморларни бу турдаги амалиётларни қимматлигига қарамай, чет эл тиббиёт муассасаларида ўтказишга мажбурламоқда. Улар чет элларда даволанишда турли машаққатлар, катта миқдордаги молиявий харажатлар, хорижга сафари давомида чет тилларида сўзлашиш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келмоқда.

Маълумки, инсоннинг жуфт бўлмаган аъзоларини (юрак, жигар, ошқозоности бези ва бошқа аъзолар) фақат мурдадан олиш имконияти мавжуд. Трансплантация муваффақиятли ўтиши учун трансплантни, яъни олиниши мўлжалланган органни ўлим констатацияси амалга оширилган заҳоти трансплантнинг кейинчалик нормал фаолият қилишига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар юзага келишидан олдин мурдадан олиш лозим бўлади.

Мазкур камчиликларни бартараф этиш, фуқароларимизга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш ва ўта оғир беморларнинг тўлақонли ҳаётга қайтишига имкон яратиш мақсадида ушбу Қонун  ишлаб чиқилди. Уни ишлаб чиқишда Германия, Польша, Россия, Беларусь, Украина, Молдова ва АҚШ каби давлатларнинг трансплантацияга тааллуқли қонунчилиги ўрганилди.

Қонун трансплантацияни амалга ошириш мақсад ва шартлари, трансплантация объектлари, донорлар доираси (тирик ва ўлганлар), донор ва реципиентнинг ҳуқуқлари, тирик ва ўлган донорлардан аъзо ва тўқималарини олиш шартларини белгилаб беради.

Қонуннинг қабул қилиниши соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ҳимоясига қаратилган давлат сиёсатининг амалдаги қонунчилик асосларини тўлдиришга имкон яратади. Бундан ташқари, касалланиш ва аъзолардаги қайтариб бўлмайдиган жараёнлар туфайли ўлимга олиб келувчи ҳолатларни қисқартиришга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, сенаторлар ялпи мажлисда “Ёшлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни ҳам муҳокама қилдилар.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда ёшлар билан ишлашнинг бутунлай янги тизими яратилиб, Ёшлар ишлари агентлиги фаолияти йўлга қўйилди. Ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш агентликнинг асосий вазифалари сифатида белгиланган.

Ушбу вазифа ва ваколатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида янги Қонун билан “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги ҳамда “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга қўшимчалар киритилмоқда.

Махсус ваколатли давлат органи сифатида Ёшлар ишлари агентлигига ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат олиб бориш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда иштирок этиш, ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини бартараф қилиш ҳақида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколатлари берилмоқда.

Шунингдек, махсус ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий бошқармалари давлат органлари ҳамда ташкилотларига ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқариш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва дастурларнинг ижроси тўғрисида асослантирилган тушунтиришлар тақдим этиш талаби билан сўровлар юборишга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.

Ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари махсус ваколатли давлат органи билан мажбурий тартибда келишилиши қонунан мустаҳкамланмоқда.

Қонун билан Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоялаш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.

Муҳокамада сўзга чиққан сенаторлар бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ёшлар томонидан содир қилинаётган ҳуқуқбузарликлар, хусусан, безорилик акс этган видеолавҳалар кенг тарқалаётганини таассуф билан таъкидлаб, бундай лавҳаларни болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот сифатида баҳоладилар. Мазкур ҳолатларнинг олдини олишда эндиликда Ёшлар ишлари агентлигига қатор ваколатлар берилаётгани мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар.

Бир сўз билан айтганда Қонун қабул қилиниши ёшларга оид давлат сиёсати, ёшларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарлиги профилактикаси, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги Ёшлар ишлари агентлигининг ваколатларини ҳуқуқий жиҳатдан белгилашга ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини такомиллаштиришга асос бўлади.

Мазкур қонун ҳам маъқулланди.

Сўнгра ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 2458-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Қонун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қонун хусусий мулкка бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва мансабдор шахслар кўчмас мол-мулкига аралашув ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида Бизнес-омбудсманга тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузган давлат идораси мансабдорларига нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича ваколат бериш таклифи билдирилган эди.

Хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ мазкур муаммоли вазиятларларни бартараф этиш мақсадида қонунчиликни такомиллаштириш, шу жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига тадбиркорлар манфаатлари бузилиши ҳолатлари борасида айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш белгиланмоқда.

Қонун қабул қилиниши хусусий мулк дахлсизлиги, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлаш, давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуқбузарлик профилактикасини кучайтиришнинг институционал механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар томонидан “Тадбиркорлар кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, республикамиз иқтисодиётининг асосий локомотиви, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турли ижтимоий масалаларни ҳал этишда алоҳида ўрин тутган тадбиркорлар касбий байрамининг белгиланиши муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз мамлакат тадбиркорлари билан 2021 йил 20 август куни очиқ мулоқот шаклида ўтказилган учрашувда 20 августни мамлакатимизда Тадбиркорлар куни деб эълон қилиб, уни ҳар йили юртимизда кенг нишонлаш ташаббусини илгари сурган эди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тадбиркорлик субъектлари сони йилдан-йилга кўпайиб, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши тобора ошиб бормоқда.

Республикамизда солиқ тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби соддалаштирилиб, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ назорат тадбирларини ўтказиш ҳам тартибга солинмоқда.

Қонунда Ўзбекистон Республикасида 20 август Тадбиркорлар куни сифатида белгиланмоқда.

Тадбиркорлар касбий байрамининг белгиланиши Янги Ўзбекистоннинг барпо этилишида тадбиркорликнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий аҳамиятини янада юксалтириш, жамиятимизда тадбиркорликни янада оммалаштириш ҳамда инсофли тадбиркорликни тизимли рағбатлантириш имконини беради.

Сенат аъзолари мазкур Қонунни маъқулладилар.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати