Туркиянинг Истанбул шаҳрида Афғонистон бўйича тинчлик музокаралари бошланди. Афғонистон ҳукумати вакиллари ва бир қатор қуролланган мухолифат гуруҳлари иштирокидаги музокаралар уч кун давом этади. Бу ҳақда “Анадолу” хабар бермоқда.

Афғонистонда тинчлик масалалари бўйича олий кенгаш вакили Аминулло Музаффарнинг маълум қилишича, музокараларда “Толибон” ҳаракатидан ажралиб чиққан бир қатор, хусусан, Муҳаммад Расул раҳбарлигидаги гуруҳдан вакил сифатида Мулла Абдураиф ва Мулла Абдуҳалим, “Толибон”ни тарк этган яна бир гуруҳ номидан Раҳматулло Вердак ҳамда “Ҳизбут-таҳрир” (диний экстремистик ташкилот)дан Довуджон Аҳмадзои ва Хумоюн Жарир вакил сифатида иштирок этяпти.

Музокараларда Афғонистонда тинчлик масалалари бўйича олий кенгаш номидан Аббос Басир қатнашмоқда.

Аминулло Музаффар ушбу учрашувлар келгусидаги кенг кўламли тинчлик музокаралари учун ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўташини айтган.

Шу билан бирга, “Толибон” ҳаракати матбуот хизмати Забиуллоҳ Мужоҳид ўз Twitter саҳифасида бўлиб ўтаётган музокараларда “Толибон” томони ўз вакилларини юборгани ҳақидаги хабарни рад этмоқда. Унинг фикрича, учрашувда иштирок этаётганлар “Толибон” вакиллари сифатида қаралмаслиги керак.

Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши Ўзбекистон учун жуда муҳим. Шунинг учун мамлакатимиз Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишини изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Ўзбекистон томони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ҳамкор давлатлар ва ташкилотлар иштирокида умуммиллий ярашувга эришиш муҳим эканини қайд этиб келади.

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани 4-5 декабрь кунлари мамлакатимизга расмий ташрифи чоғида Ўзбекистоннинг ташаббуслари ва амалий саъй-ҳаракатлари минтақавий тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлаган эди.

 

ЎзА