Дакар раллисининг саккизинчи босқич пойгаларида асосан франциялик пойгачилар маррага биринчи бўлиб етиб келди.
Мотоцикллар пойгасида Антуан Мео (Франция, «КТМ») маррага 5 соат 24 дақиқа 01 сонияда етиб келиб, биринчи поғонадан жой олди. Рикки Брейбек (АҚШ, «Хонда») ва Тоби Прайс (Австралия, «КТМ») каби тажрибали пойгачилар ушбу босқичда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади.
Квадроцикль бўйича ўтган баҳсларда Симон Витсе (Франция, «Ямаха»), Марсело Медейрос (Бразилия, «Ямаха») ва Игнасио Касале (Чили, «Ямаха») барча рақибларини ортда қолдирди.
Йўл танламаслар пойгасида франциялик Стефан Петерансель ва Сириль Депре «Пежо» русумидаги автоуловда биринчи ҳамда иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, қатарлик Нассер Аль-Аттия «Тойота»да уларни таъқиб этиб маррага учинчи бўлиб келди.
Раллининг энг мухлислари кўп бўлган юк автомобиллар ўртасидаги пойгада россиялик Дмитрий Сотников бошқарган «КАМАЗ»га ҳеч ким ета олмади. Аргентина шарафини ҳимоя қилган Федерико Вильягра «Ивеко» русумли автоуловда иккинчи бўлди. Яна бир рус пойгачиси Айрат Мардеев «КАМАЗ»да кучли учликни якунлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА