Бундай фикрлар 2018 йилги Давлат дастури лойиҳасининг 27-банди, яъни фуқароларнинг хорижга чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича фуқаролар қолдираётган изоҳларда учрайди. Лойиҳанинг мана шу қисми энг кўп муҳокама қилинаётган “прописка” масаласидан кейин 2-ўринни забт этиб турибди.
Изоҳларнинг айримлари билан танишсак:
Рустам Қосимжонов: “Хорижга чиқиш стикерини тўлиқ бекор қилиш – фуқароларнинг конституциявий эркинлигини таъминлайди. Чунки фуқароларнинг давлат идораларида кунлаб вақт йўқотиши, маблағ сарфлаши, давлат бюджетининг маълум қисми бу кераксиз бюрократияни амалга оширувчи давлат органлари фаолиятига харжланиши давом этяпди. Хорижга саёҳат учун амалдаги фуқаролик паспортини сақлаб қолиш (стикер олиш талабини бекор қилган ҳолда), мамлакат ичида яшаш, ҳаракатланиш учун ID-карталарнинг жорий этилиши – жуда ҳам тўғри ва жамиятни ривожлантиришнинг амалдаги Ҳаракатлар стратегияси мақсад ва моҳиятига мос бўлади, деб ҳисоблайман.
Шукрулло Абдувалиев: “ID-карта жорий қилинишини тўғри ечим, деб ҳисоблайман. Фақат бу картанинг фойдаланиш соҳасини кенгайтириш зарур. Масалан, автомобиль бошқариш рухсатномаси вазифасини ҳам шу ID-картадаги тегишли ёзув билан белгиланса яхши бўларди.
Шуҳрат Мардонов: ID карталар муддати ва унга бериладиган рақам муҳим аҳамиятга эга. Ҳозир эса паспорт алмаштирилганда унинг рақами ҳам алмашади. Худди бу рақам фуқаро учун аҳамиятга эга эмасдек. Бу эса фуқаролар маълумотлар базасини тез-тез янгилаб туришга олиб келади. Бериладиган карта қанча кўп алмаштирилмасин рақамни алмаштирмаслик керак ва бериладиган хорижга чиқиш паспорти билан интеграциясини йўлга қўйиш керак, деб ўйлайман.Рустам Болтаев: Мамлакатимиздан чиқишга рухсат олиш учун ойлаб кутишга тўғри келади. Шу боис биз баъзида йиллаб ватанга, ота-онамиз ва қариндошларимиз ёнига бора олмаймиз. Чунки иш жойимиздан ойлаб Ўзбекистонда ОВИРни кутиб юришимизга рози бўлмайди. ОВИРнинг ҳужжатбозлиги эса одамни эзиб юборади. Ҳужжат берувчи амалдорларнинг қош-қовоғига қараб, илтимос-илтижо қилиб, эшигини тагида кунлаб кутиб, сарғайиб юриш халқимиз шаънига лойиқ иш эмас.
Адҳамжон Толаков: ID-картани қўллаб-қувватлайман. Лекин шу картани иложи бўлса кўтариб юрадиган вариантдан ташқари электрон шаклда, масалан телефон ёки планшетда ҳам олиб юрадиган қилиб яратиш керак.
Шерзод Эралиев: ОВИР стикерининг бекор қилиниши – Ўзбекистон фуқаролари конституциявий ҳуқуқларининг қоғоздамас, амалда таъминланиши томон қўйилган жуда жиддий қарор бўлади.
Ж.Нематов: ID-карта тизими жуда тўғри. Йўқолиб қолса ҳам тез тиклаш мумкин. Пластик карточкага ўхшаб.
Асқар Мирусмонов: Мен бу таклиф амалга ошишига ишонмайман. Барибир айрим идоралар ўз манфаатини кўзлаб билганини қилади. Замонавий фикрлайдиган, халқпарвар давлат хизматчилари, шу қаторда халқ хизматида бўлган Президентим буларга бас кела оладими?!
Зафар Маматов: Менинг фикримча ID-картани давлат солиқ органлари томонидан бериладиган СТИР билан ҳам боғлаш керак.
Аловиддин Садритдинов: Бу чора-тадбирнинг амалга ошишини юртимизнинг буюк келажак сари қўйилган яна бир муҳим қадам, деб баҳолаш мумкин.
Ориф Усманов: Жуда зўр иш бўларди, халқимизга анча енгилик бўларди.Бу борада мулоҳазаларингиз борми? Фикр-мулоҳаза ва таклифларни Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида қолдириш мумкин.
Норгул Абдураимова, ЎзА