Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида 28 сентябрь куни Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти бўлиб ўтди. Тадбир доирасида “B2B” учрашувлари форматида онлайн тарзда Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркор аёллари ўртасида Кооперацион биржа ўз ишини бошлади.

Ушбу Кооперацион биржа Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон тадбиркор аёллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ҳамда ҳамкорлик ва ишбилармонликни йўлга қўйиш мақсадида ўтказилмоқда.

Таъкидлаш керак, уч кун давомида бўлиб ўтадиган тадбир БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди. Олий Мажлис Сенати Раиси, Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти Раиси Танзила Норбоева ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска тадбирнинг очилишида иштирок этди.

Танзила Норбоева Марказий Осиё тадбиркор аёлларини бизнес атрофида бирлаштириш, уларни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистонда аёлларга яратилаётган шарт-шароитлар ва қўшни давлатлардаги тадбиркор аёллар билан йўлга қўйилаётган янги ҳамкорлик ишларига алоҳида тўхталиб ўтди.

– Ўзбекистонда тадбиркор аёлларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни вақтда республикамизда 170 мингдан ортиқ тадбиркор аёл мавжуд. Уларни қўллаб-қувватлаш бўйича фаолият юритаётган давлат жамғармаси томонидан тадбиркор аёллар лойиҳалари учун имтиёзли кредитлар ажратиб келинмоқда, – деди Сенат Раиси. – Барча вилоятларда ҳар йили 30 мингдан ортиқ аёлни тадбиркорликка ўқитиш ва қайта тайёрлаш, иш билан таъминлаш масалалари бўйича амалий ёрдам кўрсатувчи марказлар фаолият юритмоқда.

Марказий Осиё ишбилармон аёлларининг “B2B” учрашувлари саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, санъат ва хунармандчилик ҳамда инновацион технологиялар каби мавзули сессияларга бўлинган.

Кооперацион биржа давомида Марказий Осиё тадбиркор аёллари бўлажак шериклари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатади. Келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилади. Бу эса аёлларнинг имкониятларини янада кенгайтириб, икки томонлама ва минтақавий форматларда ишбилармонлик алоқаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга кўмаклашади.

Тадбир якунлари бўйича ҳар бир тематик сессия натижалари сарҳисоб қилиниши ва Марказий Осиё тадбиркор аёллари ўртасидаги эришилган келишувлар эълон қилиниши кутилмоқда.

 

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА мухбири