Бу галги Олимпиада биз учун спорт оламида бир қатор янги истеъдод соҳибларини, янги Ўзбекистоннинг янги қаҳрамонларини кашф қилиб берганини таъкидлаш лозим.
Хусусан, 18 ёшли спортчи қизимиз, қорақалпоқ элининг фарзанди Зайнаб Дайибекова қиличбозлик бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи марта Олимпиада қатнашчиси деган шарафга сазовор бўлди.
Энг муҳими, у мусобақаларнинг иккинчи даврасида Осиё ўйинларининг финалчиси, дунё рейтингида 3-ўринда бораётган хитойлик тажрибали спортчини мағлуб этди.
– Мен ишонаман, Зайнаб қизимиз келгуси Олимпия ўйинларида янада фаол иштирок этиб, Ўзбекистонимизга албатта олтин медаль олиб келади, – деди Президент.
Ўн тўққиз ёшли Кумушхон Файзуллаева эса 76 килограммгача вазн тоифасидаги қизлар ўртасида оғир атлетика баҳсларининг энг ёш иштирокчиси сифатида эътироф этилди.
Таъкидлаш лозимки, дунё миқёсида камдан-кам спортчи бу ёшда Олимпия ўйинларида иштирок этиш шарафига муяссар бўлади.
Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси юртимизда ёш авлод тарбиясига, жисмоний тарбия ва спорт ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва амалий ғамхўрлик натижасидир.
– Ўзбекистоннинг жасур спортчи қизлари халқаро майдонларга дадил кириб келмоқда. Барчамиз уларга чин қалбдан тасанно айтамиз. Айни вақтда мен спортчи йигитларимизга қарата айтмоқчиман: агар қаттиқ ғайрат қилмасангиз, қизларимиз ҳадемай сизлардан ўтиб кетади,– деди давлатимиз раҳбари.
Мамлакатимизда замонавий таълим-тарбия масканлари билан бирга, янги-янги спорт мактаблари ва мажмуалари, стадионлар, сузиш ҳавзалари барпо этилаётгани фарзандларимизнинг қалбида спортга меҳр уйғотмоқда.
– Аминманки, ушбу Олимпиада натижалари мамлакатимизда спортнинг барча турларини ривожлантиришга кучли туртки беради. Энг асосийси, бундай ғалабалар ўсиб келаётган ёшларни барча соҳалар қатори спорт бўйича ҳам маррани баланд олиб, доимо ғалаба сари интилиб яшашга ўргатади, соғлом турмуш тарзини ҳаётимиз қоидасига айлантиришга хизмат қилади, – деди Президентимиз.
ЎзА