“Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар” халқаро анжумани давомида бошқа олий даражали иштирокчилар қаторида Покистон давлати Бош вазири Имрон Хон ҳам иштирок этди.
Имрон Хон ўз нутқини мазкур анжуманни ўтказиш тўғрисидаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътироф этиш билан бошлади. «Президент Шавкат Мирзиёевнинг анжуманни ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси ўз вақтида қилинган ўта муҳим ташаббус бўлди. Мазкур анжуман барча ўзаро алоқаларни, Марказий Осиё ва унинг ташқарисида қачонлардир нафақат товар айирбошлаш, балки фикр-мулоҳазалар, билимлар билан ўртоқлашишга ёрдам берган ўша қадимий ипак йўлини тиклаш учун янги имкониятлар эшигини очади”, дея таъкидлади Имрон Хон.
Бундан ташқари, Бош вазир Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларида тараққиётга эришишнинг транспорт-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, мамлакатлар ўртасида савдо ва транзитни илгари суриш, инвестицияларни жалб қилиш ва шу каби йўлларини санаб ўтди.
Имрон Хон шунингдек, минтақада геоиқтисодиётнинг геосиёсатдан устун бўлиши муҳимлигини таъкидлаб, бу кун тартибини мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирди.
Ўз нутқи якунида Имрон Хон Марказий ва Жанубий Осиёдаги Афғонистон масаласи, Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳал этилмаган низолар каби қатор муаммоларни қайд этди.
Гулрух Абдуллаева, ЎзА