Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти делегациясининг Покистон Ислом Республикаси Лаҳор шаҳридаги Панжоб университетига бўлган икки кунлик ташрифи Покистоннинг энг нуфузли «National Herald Tribune», «Islamabad Post», «Centreline», «Roznama Jinah Lahore», «Roznama 92 Lahore», «Daily The News» каби нашрларида чоп этилди. Бул ҳақда ЎзР Ташқи ишлар вазирлигининг «Дунё» ахборот агентлиги маълум қилди.

 

Нукус давлат педагогика институти делегацияси Панжоб университетининг турли факультетларида, шу жумладан, Таълим тадқиқотлари институти, Маъмурий фанлар институти, Бизнес бошқаруви институти, Қишлоқ хўжалиги фанлари кафедраси ва Амалий молекуляр биология марказининг ишлари билан яқиндан танишди. Учрашувлар давомида ўзаро манфаатли бўлган ҳар хил лойиҳалар бўйича фикр алмашилди.

 

Шунингдек, институт делегацияси аъзолари Панжоб университетининг Санъат ва дизайн коллежи фаолияти билан ҳам танишди. Ўтказилган суҳбатларда ушбу коллеж ва институтнинг тегишли факультетлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қизиқиш билдирилди.

 

Ислам Матеков,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.