Пойтахтимизда Татаристон Республикаси делегациясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Татаристон ҳудудлари ишбилармонларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов, Татаристон Республикаси Президенти Р.Минниханов, Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси О.Мальгинов, Тошкент вилояти хокими Д.Ҳидоятов ва бошқа расмийлар иштирок этди. Форумда Татаристон ва Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудларидаги ишбилармон доираларининг 100 дан ортиқ вакили қатнашди.
Делегациялар раҳбарлари ўз нутқларида агросаноат соҳаси, озиқ-овқат, тўқимачилик, электротехника, кимё, машинасозлик тармоғи, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда саноат кооперациясини ривожлантиришнинг улкан салоҳиятини қайд этди. Бозорбоп ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва бошқа мамлакатлар бозорларига олиб чиқиш мақсадида қўшма юқори технологияли саноат корхоналарини ташкил этиш борасида Татаристон ва Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги ишлаб чиқарувчиларининг ресурслари ва технологик имкониятларини бирлаштиришнинг кенг истиқболлари қайд этилди.
Тадбирда Татаристон ва Ўзбекистон ҳудудларидаги тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни фаол ҳамкорлик қилишга ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбир доирасида делегациялар вакиллари Татаристон ишлаб чиқарувчиларининг саноат кўргазмасига ташриф буюриб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ва тадбиркорларнинг ҳамкорликни янада кенгайтириш режалари билан танишди. Кўргазманинг ўзида Ўзбекистон ҳудудларининг тегишли ҳокимият органлари ва Татаристоннинг вазирлик ва идоралари раҳбарларига қўшма ташаббусларни амалга оширишда бизнес вакилларига ҳар томонлама ёрдам бериш бўйича аниқ амалий чоралар кўриш топширилди.
Турли тармоқларнинг инвестициявий ва савдо имкониятлари тақдимотлари ҳамда Россия бозоридаги етакчилари ҳисобланган Татаристоннинг йирик корхоналари ва Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳри ва вилояти тадбиркорлари ўртасида “B2B” форматидаги манзилли учрашувлар ҳам ташкил этилди.
Форум якунлари бўйича Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда Татаристон Республикаси ҳукумати ўртасида 2021-2022 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “Йўл хариталари” имзоланди. Мазкур ҳужжатларга савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, шаҳарсозлик, муниципал бошқарув, транспорт, уй-жой коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳаларида тажриба алмашиш бўйича чора-тадбирлар ҳамда аниқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш вазифаси ҳам киритилган.
ЎзА