Президент Шавкат Мирзиёев айни пайтда бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида маҳаллий саноатни ривожлантириш учун ҳар бир ҳудудда ишлаб чиқаришни камида 3-4 бараварга ошириш зарурлигини таъкидлади.

Шу боис, маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича мутлақо янги “вертикал” тизим жорий этилиши қайд этилди. Бу масалага вилоят ҳокимларининг шахсан ўзи масъул бўлади ва ишларни “ички талабни ўрганиш – импортни таҳлил қилиш – ресурс базасини аниқлаш – янги лойиҳаларни амалга ошириш” занжири орқали йўлга қўяди.

“Ўзсаноатқурилишбанк” раиси қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ва лойиҳаларни молиялаштириш ишларига масъул ва жавобгар бўлади.

Жорий йил 1 июлга қадар хорижий экспертларни жалб этган ҳолда, банкнинг инвестиция компанияси ва барча филиалларида консалтинг марказларини ташкил қилади.

Йиғилишда маҳаллий саноатни ривожлантириш вазифалари Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқов ва унинг тизимига юклатилди. Маҳаллийлаштириш бўйича ҳоким ёрдамчилари ҳам ушбу тизим билан бирлаштирилиб, уларнинг вазифалари қайта кўриб чиқилиши айтилди.

Видеоселекторда С.Умурзоқовга икки ой муддатда маҳаллий саноатнинг ҳар бир йўналиши бўйича туманлар кесимида алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Шу билан бирга, Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқов ва “Ўзсаноатқурилишбанк» раиси вилоят ҳокимлари билан бирга, қуйидаги муҳим ишларни ташкил этиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Биринчидан, ҳар бир вилоят, туман ҳокимининг мавжуд захираларни ишга солиш бўйича аниқ режалари бўлиши керак.

Президент Ғозғондаги қурилиш материаллари кластери тажрибаси барча ҳудудда жорий этилса, маҳаллий саноат кескин ривожланишини таъкидлади.

Мисол учун, бугунги кунда республикадаги мавжуд пардозбоп тошлар захирасининг 30 фоизидан ҳам фойдаланилмаяпти.

Бу кўрсаткич Бухорода – 11 фоиз, Қашқадарёда – 13 фоиз, Тошкент вилоятида – 15 фоиз. Жумладан, Бойсун туманида 7 турдаги фойдали қазилмаларни (оҳактош, базальт, доломит, кварц қуми, пардозбоп тошлар) қайта ишлашни йўлга қўйиш мумкин.

Ёки Пешку туманида 24 миллион кубметр табиий қоплама тошлар, 1,3 миллион тонна графит, 450 минг тонна минерал бўёқлар учун хомашё захираларини ишга солиш режалаштирилган.

Йиғилишда Бойсун ва Пешку туманлари ҳокимлари бу борада амалга оширадиган ишлари ҳақида ахборот берди.

 

ЎзА