Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида йўқолиб кетиш хавфи остида турган ноёб қуш – 2000 бош йўрға тувалоқ ёввойи табиатга қўйиб юборилди
Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитасининг матбуот хизмати маълум қилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда “Falcon Hunting Solutions” компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби ва Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро Уюшмаси Қизил китобига киритилган ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ноёб қушни сақлаб қолиш мақсадида амалга оширилди. Ушбу қушлар Бирлашган Араб Амирликларига қарашли бўлган “International fund for houbara conservation” марказида кўпайтирилган.
Эслатиб ўтамиз, йўрға тувалоқлар 2009 йилда Ўзбекистон Қизил китобига ноёб тур сифатида киритилган. Улар Қизилқум чўлларида яшайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича сони ва яшаш майдони 1960 йиллардан бошлаб қисқаришни бошлаган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА