Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали томонидан муборак Рамазон ойида қатор хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, филиал томонидан Чернобиль атом станцияси аварияси оқибатларини бартараф этишда иштирок этиб, ҳалок бўлган 32 нафар ҳамюртимиз оила аъзоларининг ҳар бирига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
– Авария оқибатларини бартараф этишда Оролбўйидан 600 нафар киши иштирок этган бўлса, шундан 400 нафардан зиёди ногирон бўлиб қолган, – дейди Чернобилчилар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Қасим Бекбосинов. – Афсуски, улардан 111 нафари ҳаётдан бевақт кўз юмди. Чернобиль фожиасида талафот кўрган фуқароларни ва шунингдек, вафот этганларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Муборак Рамазон ойида хайрия тадбирини ўтказаётган «Вақф» хайрия жамоат фондининг эзгу ишларини қўллаб-қувватлаймиз.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА