Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейининг Мўйноқ туманидаги Экология музейи филиалида 300 дан ортиқ экспонат сақланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Мўйноқ тумани ва Орол денгизи атрофида туристларни кенг жалб қилиш, шунингдек унинг узоқ ўтмишдаги тарихи, табиати ва ундаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, туман аҳолисининг урф-одатларини музей экспозицияси орқали кенг оммага етказиб бериш мақсадида музей реконструкция қилиниб, экспозиция зали янгиланган.
Музейда тарихий буюмлар, табиий экспонатлар, тарихий фотосуратлар, тасвирий санъат ва халқ амалий санъати асарларидан иборат 300 дан зиёд экспонат мавжуд.
Эътиборлиси, XIX аср охири ва XX аср бошларида бир қанча рус рассоми Амударё ва Орол денгизи бўйида ижод қилиб, тасвирий санъатнинг асосан “Морена” ва “Манзара” жанрларида кўплаб асарлар яратган. Хусусан, рангтасвирчи рассомлар “Орол куйчиси” деб танилган Ф. Мадгазин ва Р. Матевосян ижодига мансуб асарларни музейнинг экспозиция залидан учратиш мумкин. Рассомлар яратган ҳар бир рангтасвир асарини томоша қилар экансиз, Орол денгизининг тўлиб тошган пайти кўз ўнгингизда гавдаланади, тўлқинлар товуши, кема ва пароходлар овозини эшитаётгандай бўласиз, гўё.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат), ЎзА.