2021 йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган янги аскарларни миллий армиямизда фойдаланиладиган қурол-аслаҳалар, жанговар ва ҳарбий техникалар, белгиланган таъминот меъёрлари билан яқиндан таништириш мақсадида Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида кўргазмали ўқув машғулоти ташкил этилди.

Бу ҳақда Шимоли-ғабий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.

Ўқув машғулотининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар миллий армиямизни такомиллаштириш мақсадида замонавий техника ва қурол-яроғлар билан бутлаш ишлари тизимли равишда олиб борилаётганини эътироф этди.

Ташкил этилган 7 та ўқув жойи ва 28 та ўқув нуқтасида тажрибали офицер ва сержантлардан иборат машғулот раҳбарлари аскарларга ўқотар қуроллар, жанговар, ҳарбий ва махсус техникаларнинг вазифаси, қўлланилиши ҳамда улардан фойдаланилганда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш бўйича машғулотларни олиб борди.

Машғулотда дала шароитида овқат тайёрлаш учун жиҳозлар, ҳарбий хизматчиларга белгиланган озиқ-овқат ва кийим-кечак таъминоти меъёрлари, алоқа, тиббий ёрдам кўрсатиш техника воситалари, муҳандислик қурол ва анжомлари ҳақида батафсил маълумотлар етказилди.

Иккинчи куни янги аскарлар учун “Нукус” полигонида ўқотар қуроллар ва жанговар техникалар ёрдамида кўргазмали ўқ отиш машғулотлари намойиш этилди.

Ҳар бир амалий-кўргазмали ўқ отиш машқида қурол ва ҳарбий техниканинг қўлланилиши, тактик-техник тавсифлари ҳамда бошқа хусусиятлари ҳақида иштирокчиларга маълумотлар бериб борилди. Кўргазмали машғулотда юқори синф ўқувчилари ҳам иштирок этди.

Биринчи ўқув нуқтада мотоўқчи ва махсус бўлинмалар учун мўлжалланган ўқотар қуроллардан нишонларга қарата ўқ узилди. Иккинчи ўқув нуқтасида гранатомёт, зенит ва артиллерия тўплари, жанговар машина, зирҳли транспортёр ва танклардан нишонларни аниқ мўлжалга олиб отилган ракета ва снарядлар ёшларнинг олқишига сазовор бўлди.

Кўргазмали машғулотлардан сўнг муддатли ҳарбий хизматчилар биринчи маротаба автоматдан амалда машқ бажарди. 100 ва 200 метр узоқликдаги иккита нишон – янги аскарларнинг амалий машғулотларда илк кўникмаларини шакллантириш учун дастлабки марра вазифасини ўтади.

Қуролни ўқ отишга ҳозирлаш, уни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, ўқ-дориларни ўқдонга жойлаштириш бўйича ўқув нуқталарида ёшлар билимга чанқоқ, дастлабки ҳарбий кўникмаларни эгаллашга қизиқиши баланд эканлигини намойиш этди.