Юртимизда бирламчи тиббий-санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, касалликларни барвақт аниқлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббий маданиятни ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири М.Қурбанов, Қўнғирот тумани ҳокими ўринбосари Ж.Сейтмуратов Оролбўйининг энг чекка «Жаслиқ» ва «Қорақалпоғистон» шаҳарча фуқаролар йиғинларида бўлиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати билан яқиндан танишди.

Марказдан 180 км узоқда жойлашган «Жаслиқ» шаҳарча фуқаролар йиғини аҳолисига Қўнғирот тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли поликлиника филиали, «Қорақалпоғистон» шаҳарча фуқаролар йиғини аҳолисига эса 67-оилавий поликлиника тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Иккита ҳудудда аҳолига тез тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш ҳамда аҳолига юқори сифатли шошилинч ёрдам кўрсатиш мақсадида «Газель» русумли тез тиббий ёрдам автомашиналари топширилди.

Тиббиёт муассасаларининг “маҳаллабай” тизимда тиббий хизмат кўрсатиш фаолияти ўрганилди ва бу борадаги ишларни янада самарали ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА