Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хизматлар кўрсатиш соҳаси бўйича ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида ҳар бир вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларига хизматлар ҳажмини йил якуни билан 2-3 баравар ошириш, бунинг учун ҳафталик назорат ўрнатиш вазифаси қўйилди.

Тошкент шаҳрида хизматлар ҳажмини камида 3 бараварга ошириш, шаҳардаги 524 та маҳалла кесимида хизматларни ривожлантириш дастурини қабул қилиш топширилди.

Бош вазир А.Ариповга шанба куни Тошкент шаҳрида алоҳида мажлис ўтказиб, пойтахт туманлари ҳокимлари ва сектор раҳбарларининг аниқ вазифалари, уларнинг масъулиятини белгилаб, пойтахтда хизматлар соҳасида камида 50 мингта янги доимий иш ўринлари яратиш режасини “туманбай” ва “маҳаллабай” тақсимлаш ва тасдиқлаш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда хизматлар бозорини жадал ривожлантириш учун талаб этиладиган молиявий ресурслар ажратилиши таъкидланди.

Ҳисоб-китобларга кўра, хизматлар соҳаси учун банклар томонидан жорий йилда камида 18 триллион сўм кредитлар йўналтирилади. Бундан ташқари, давлат томонидан тижорат банклари орқали қўшимча 300 миллион доллар, шундан 1 июлгача 150 миллион доллар ажратилади.

Биринчи босқичда Самарқандга – 160 миллиард сўм, Тошкент шаҳри, Андижон, Қашқадарё ва Фарғонага – 150 миллиард сўмдан, Наманган ва Сурхондарёга – 125 миллиард сўмдан, Бухоро – 90 миллиард сўм, Жиззах – 85 миллиард сўм, Қорақалпоғистон ва Хоразмга – 75 миллиард сўм, Сирдарёга – 60 миллиард сўм, Навоийга – 55 миллиард сўм ажратилади. Бу маблағлар барча туман ва банклар кесимида тақсимланди ва буни барча ҳокимлар олган.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари тижорат банклари билан бирга, ажратилган маблағ ёнига яна шунча миқдорда ресурс топишлари, яъни бу ишларни “элликка – эллик” тамойили асосида ташкил этишлари шарт ва зарурлиги қайд этилди.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳаллага иқтисодий комплексдан бириктирилган масъуллар билан бирга, “маҳалла – туман – банк” принципи асосида лойиҳалар рўйхатини шакллантириш вазифаси қўйилди.

Бунда Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, Миллий банк раиси А.Мирсоатов ташкил этиладиган лойиҳаларда ҳар бир маҳаллада бўлиши шарт бўлган камида 20 та турдаги, туман ва шаҳарда камида 70 та турдаги хизматлар рўйхатини асос қилиб олишлари шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда маҳалла, туман ва шаҳарларда зарурий хизмат турларини йўлга қўйиш бўйича алоҳида Ҳукумат қарорини қабул қилиб, ижросини назоратга олиш бўйича топшириқ берилди.

Президент вилоят раҳбарларига туман ва шаҳарларнинг маблағлардан самарали фойдаланишига қараб, 1 сентябрдан кейинги 150 миллион доллар ажратилишини эслатди.

Бундан ташқари, Миллий банкка 28 та йирик ва ўрта шаҳарларда туризм, транспорт, тиббиёт, таълим объектлари, йирик савдо комплексларини ташкил этиш учун шу йилнинг ўзида қўшимча 200 миллион доллар маблағ жалб қилиш вазифаси қўйилди.

Шу тариқа, хизматлар соҳасига бюджетдан ва банклар томонидан қўшимча ажратиладиган маблағлар 500 миллион доллар ёки 5,5 триллион сўмни ташкил этади.

 

ЎзА