Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги 39-умумтаълим мактабида 967 нафар ўқувчи замонавий шароитларда сабоқ олмоқда.
Масканда сифатли таълим учун барча шароит яратилган. Ўқувчиларнинг қобилиятини ривожлантириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун 30 дан зиёд фан ва спорт тўгараги ишлаб турибди.
– Ўқувчиларимиз фан олимпиадалари, билимлар беллашувлари, турли кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда, – дейди мактаб раҳбари Саидкамол Эшмуротов.
– Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Инвестициялар ва ташқи савдо, Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамда Бирлашган Aраб Aмирлигининг “Dubai Future Foundation” фонди билан ҳамкорликда 2019 йилда старт берилган «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида мактабимиз ўқувчилари фаол қатнашди.
Лойиҳа доирасида www.uzbekcoders.uz ўқув порталида ўтказилган машғулотларда бир қанча янги дастурларини тақдим қилишга эришди. Шу муносабат билан мактабимизнинг қатор педагоглари Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси кўкрак нишонлари ва замонавий компьютерлар, билимдон ва иқтидорли ўқувчилар эса диплом, эсдалик совғаларига сазовор бўлди. Жорий йил 7 апрель куни эса лойиҳа доирасида мактабимиз жамоасига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Президент совғаси “Spark” автомобили тақдим қилинди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА