Янги йил эшик қоқмоқда. 2018 йилни янги орзулар, кўтаринки кайфият билан кутиб олишга ҳозирлик кўрилмоқда. Буни мамлакатимизга келган хорижлик сайёҳлар ҳам таъкидламоқда.

ЎзА мухбири улардан айримларининг фикрлари билан қизиқди.

Юн Чонг (Жанубий Корея):

– Саёҳат учун Ўзбекистонни танлаганимдан мамнунман. Халқингизнинг меҳмондўстлиги, очиқ табиати, ҳар нарсадан ҳикмат ва яхшилик излашдек фазилатлари менда катта таассурот қолдирди.

Байрам шукуҳи кезиб юрган шу кунларда болажонлар билан гавжум боғлару майдонларда ташкил этилаётган кўнгилочар томошалар дилларга завқ бағишламоқда. Айниқса, тунги Тошкент манзаралари кишини эртаклар олами сари етаклаётгандек. Мустақиллик майдони, турфа чироқлар ва безаклар билан безатилган Алишер Навоий номидаги шоҳкўчада шодиёнага алоҳида ҳозирлик кўрилган.

Ўзбекистонга саёҳатим ўтаётган йилда мен учун энг эсда қоларли воқеа бўлди.

Антон Левицкий (Латвия):

– Ўзбекистонга бундан бир неча йиллар аввал келган эдим. Ўтган вақт ичида амалга оширилган ўзгаришлар кишида яққол тасаввур пайдо қилади – мамлакатингиз тараққиёт сари дадил одимлаётгани, халқингиз барча ўзгаришларни қўллаб-қувватлаётгани кишини руҳлантиради. Менга бир йил ичида Тошкентда кўплаб замонавий иншоотлар, турар жойлар, йўл ва кўприклар барпо этилганини айтишди. Озода, файзли, байрамона безатилган кўчаларни кезарканман, юртингизга ҳавасим янада ортди.

Саёҳатим давомида юртингизнинг ноёб меъморий обидалари билан машҳур шаҳарлари, бой тарихи, асрий анъаналари билан танишдим. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хорижий сармоядорлар учун қулай бизнес муҳити яратиш борасидаги ишлар менда катта қизиқиш уйғотди. Шу боис мамлакатингизга келгуси ташрифимда бизнес лойиҳаларимни янада кенгайтириш истагидаман.

Халқингизда “Бир кўрган таниш, икки кўрган қариндош”, деган нақл бор экан. Мен ҳам қадрдон ўзбекистонлик ҳамкорларим билан оға-ини бўлиб, кириб келаётган 2018 йилни кўтаринки руҳда нишонлашни режалаштирганман.

Чао Хинг (Хитой):

– Ўзбек ва хитой халқларининг маданияти, дунёқараши ўхшаш. Ўзбекистон бўйлаб сафарим давомида ўзлигини замон билан уйғун сақлай олган юксак маданиятли халқингизнинг фазилатларига гувоҳ бўлдим.

Ўзбекистон замонавий сайёҳлик инфратузилмасига эга мамлакат. Юртингиздаги тинчлик-осойишталик, замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари, юқори сифатли хизмат турлари бу ерга келаётган сайёҳлар ортишига хизмат қилаётир. Хусусан, қадимий Бухоро шаҳрида Президентингиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Хавфсиз туризм”, “Хавфсиз шаҳар” лойиҳалари амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдим.

Оммавий ахборот воситалари, интернет орқали Ўзбекистоннинг жаҳонда тинчликни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари ҳақида илиқ фикрларни кўп бора эшитмоқдамиз. Кириб келаётган 2018 йилда халқингизнинг барча эзгу тилак ва истаклари ижобат бўлишини тилайман.

Самуел Маттео (Италия):

– Янги йил барча учун бирдек севимли байрам. Бу йилги байрамни оила аъзоларим билан Ўзбекистонда кутиб олаётганимиздан хурсандмиз.

Сафаримизни Самарқанддан бошладик. Қаерга бормайлик, байрам шукуҳи кўзга ташланади. Майдонларда кўркам арчалар қад ростлаган, бозорларда савдо ярмаркалари ташкил этилган. Одамлар шоду хуррамлик билан байрамни нишонламоқда. Бу юртингизга янада файз бағишлаган.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини кириб келаётган Янги йил билан табриклайман. Тинчлик ва хотиржамлик, фаровонлик доимо ҳамроҳингиз бўлсин.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА