2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ташкил этилган Талабалар кенгаши аъзоларига гувоҳномалар топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда кенгаш аъзолари, уларнинг ота-оналари, профессор-ўқитувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Институт ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича проректори Қ.Қодиров мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари орасида биринчи марта Талабалар кенгаши ташкил этилганини қайд этиб, кенгаш аъзолари томонидан олиб борилган ишлар, уларнинг самарадорлиги ва аҳамияти ҳақида маълумотлар берди.

Қобилиятли, зукко талабаларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 2019 йилда мазкур кенгаш ташкил этилган эди. 2019-2020 йиллардаги фаолияти давомида ҳар бир факультетдан ўқиш ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатиб келаётган ёшлар қамраб олинди. Уларнинг ташаббусларини амалиётга жорий этиш ва ёшларни рағбатлантириш мақсадида бутунлай янгича тизим – талабаларга базавий стипендиянинг 50 фоизигача миқдорда устама ҳақи тўлаш йўлга қўйилди. Шу мақсадда 2019 йил 273 нафар, 2020 йил 167 нафар талабага мана шундай устама ҳақи ва бошқа рағбатлантирувчи маблағ ажратилди. Бу йил эса уларнинг қамрови ортиб, 428 нафар талабанинг стипендиясига 10 фоиздан 50 фоизгача миқдорда қўшимча устама ҳақи тўлиб берилиши тавсия этилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон ёшлари форуми ва 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йил давомида ёшлар билан ишлашни янгича босқичга кўтариш ва такомиллаштириш бўйича амалга ошириладиган ишларга кенг тўхталиб, 2021 йилга «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб ном берган эди.

Жорий йил қобилиятли, билимли, зукко талабалардан иборат кенгаш аъзолари «Тенгдош-тенгдошга» тамойили асосида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида фан тўгараклари, тил ўрганиш курслари, ахборот технологияларидан фойдаланиш, ижодий клубларнинг фаолиятини қўлга олиб, талабаларни кенг миқёсда қамраб олди. Иккинчидан, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббусни ёшлар ўртасида кенг амалга ошириш бўйича сифат ва самарадорликка эришилди.

Шунингдек, ёшларнинг, айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиб, лидерлик қобилиятлари шаклланишида кенгаш томонидан амалга оширилган ишлар аҳамиятли бўлди. Натижада институтнинг республика олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилиб келинаётган танлов, фестиваль, спорт мусобақаларидаги қўлга киритаётган ютуқлари юқори босқичга кўтарилди.

Талабалар кенгашининг ёшлар орасига кириб бориб, уларнинг муаммоларини аниқлаб, фикр-мулоҳазаларини масъул шахслар билан ижобий ҳал қилиши натижасида сўнгги 3 йил ичида институт ёшлари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик содир этилмади.

Тадбирда Талабалар кенгаши раиси, ўринбосари ва аъзоларига гувоҳномалар, шунингдек, уларнинг ота-оналарига институт ректорининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди. Ёшларнинг ота-оналари институт томонидан амалга оширилаётган мана шундай ишлар, кўрсатилаётган эътибор ҳамда ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирди.

Йиғилганлар эътиборига Талабалар кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида видеоролик ҳавола этилди.

 

Довуд Абибуллаев,

ЎзА