Маълумки, республикамизда 18 та «Меҳрибонлик уйи” ва 3 та болалар шаҳарчаси фаолият олиб бормоқда.

Уларда 1 минг 868 нафар бола тарбияланмоқда.

Ушбу муассасаларда ҳам болаларни тинглаш, уларнинг иқтидорларини юзага чиқариш, мотивация бериш Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда илк маротаба ушбу таълим муассасаларида Сардорлар кенгаши фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари, бола ҳуқуқлари бўйича вакил А.Юнусова, Республика «Камалак» болалар ташкилоти раиси И.Холдорова Қорақалпоғистон Республикаси Сардорлар кенгаши аъзолари билан биргаликда Хўжайли туманидаги Болалар шаҳарчасига ташриф буюрди.

Мазкур масканда дастлаб болалар учун яратилган шароит ва имкониятлар ўрганилди. Сўнгра улар билан самимий мулоқот ўтказилиб, орзулари, армонларига қулоқ тутилди.

Болаларнинг ҳеч бири ээътибордан четда эмаслиги, фақатгина келажакларига ишониши алоҳида таъкидланди. Уларга мотивация бериш мақсадида орзулари ижобатига йўл сифатида кўксига «Ёшлар иттифоқи» ва «Камалак» нишонлари тақилди. Бадиий китоб ва ўйинчоқлар совға қилинди. Шунингдек, Сардорлар Кенгашига «Ишонч ёрлиғи» топширилди.

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА