Американинг йирик IT компанияси бўлмиш – Microsoft Саудия подшоҳлигига қарашли Saudi Aramco нефть-газ компаниясини қувиб ўтиб, бозор нархи бўйича дунёда иккинчи ўринга чиқиб олди.
Кеча бўлиб ўтган биржа савдосида Microsoft акциялари 1,21 фоизга қимматлашди ва ҳар бир қимматли қоғози учун 242,44 доллар бериладиган бўлди. Бу эса, компаниянинг жами бозор нархини 1,828 триллион долларгача кўтарди.
Биринчи ўринни ҳамон Американинг яна бир корпорацияси – Apple эгаллаб турибди. Унинг капитализацияси 2 триллион доллардан ошади. 2020 йил сентябрда Apple биринчи ўринни Saudi Aramco нефть-газ компаниясига бериб қўйганди, бироқ кейинчалик яна етакчиликни қўлга олди.
Шундай қилиб, Saudi Aramco 1,811 триллион долларлик капитализацияси билан энг қиммат компаниялар рўйхатида учинчи ўринга тушиб қолди. 2021 йилдан бошлаб Microsoft акциялари нархи 9 фоизга қимматлашган.
Microsoft компаниясига Билл Гейтс ва Пол Аллен томонидан 1975 йилда асос солинган эди. Компаниянинг қароргоҳи Вашингтон штатидаги Редмонд шаҳрида жойлашган. Компания дастурий таъминот яратишга ихтисослашган бўлиб, жумладан, Windows операцион тизими ҳам ушбу компания томонидан ишлаб чиқилган.