Аввал хабар қилганимиздек, пойтахтимизнинг Ёшлар ижод саройида ўз ишини бошлаган «Ўзбек миллий кино санъати» ҳафталигининг учинчи кун тадбирлари якунланди.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ташаббуси билан янги йил бошидан старт олган мазкур ҳафталик ўзбек киноси ихлосмандлари учун ёрқин таассуротларга бой ўтмоқда.

Юқори даражада ташкиллаштирилган ҳафталикнинг биринчи ва иккинчи кунларида «Мен террорчи эмасман», «Сумбул» фильмларининг катта экрандаги илк премьералари, Шоу-бизнес вакиллари ҳамда таниқли актёр ва актрисалар учун «қизил йўлакча», кастинглар, маҳорат дарслари, киноижодкорлар билан ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

Кино ҳафталикнинг учинчи куни реал воқеаларга асосланган «Мен террорчи эмасман» ҳарбий драмасининг ижодкорлари билан махсус брифинг билан бошланди. Унда ижодий гуруҳ ўткир сюжетли мазкур фильмнинг суратга олиш жараёнлари, съёмка вақтида юзага келган қийинчиликлар, тасвирга олиш объектлари, реквизитлар ҳақида эксклюзив тарзда маълумотлар берди.

Кун давомида Россияда хизмат кўрсатган артист, ўзбек томошабинларига «Барон» фильми билан яхши танилган маҳоратли актёр Фарҳод Маҳмудов, таниқли кинорежиссёр Али Ҳамроев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сейдулла Молдаханов ва маҳоратли режиссёр Аюб Шаҳобиддиновлар иштирокида ёш киноижодкорлар учун маҳорат дарсларининг бўлиб ўтгани ёш киноижодкорларда илиқ таассурот қолдирди.

Янги премьералар билан бошланган ҳафталикнинг учинчи кунида ҳам яна бир фильм намойиши бўлиб ўтади. Бу ёш режиссёр Зоҳид Зокиров томонидан суратга олинган «Миллионер Жонибек» бадиий фильми бўлиб, унда Жонибек исмли йигитнинг бир қизга ошиқ бўлиши, омадини синаб кўриш мақсадида шаҳарга келиб, у ерда қизиқарли ва кутилмаган саргузаштларни бошидан кечириши ҳақида ҳикоя қилинади.

Шунингдек, куннинг энг муҳим янгиликларидан бири бугун пойтахтда “Riviera” кинотеатрининг очилиш маросими ҳам ўтказилди. Очилиш маросимидан кейин «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмининг рус тилидаги намойиши кино ихлосмандлари эътиборига ҳавола этилади. Ташриф буюрувчиларда ўзгача таассурот қолдираётган Кино ҳафталикнинг қолган икки куни ҳам ёрқин лаҳзаларга бой бўлди.

Ҳафталикнинг кейинги кунлари ҳужжатли фильмлар, Тошкент халқаро кинофестивалининг қайта тиклаш ҳамда «Дебют» ёш киноижодкорлар фестиваллари, Шуҳрат Аббосовнинг 90 йиллик юбилейига бағишланади.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган кино ҳафталик йилнинг энг шов-шувли воқеаларидан бирига айланиши табиий. Бунга эса Ёшлар ижод саройидаги кино муҳити яққол мисол бўла олади.

ЎзА