Энергетика вазирлиги ва мутасадди ташкилотлар томонидан Тошкент шаҳри ва вилоятидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари ва иссиқхоналарнинг газдан фойдаланиш ҳолати ўрганилди.

“Ўзнефтгазинспекция” ахборот хизматининг маълум қилишича, ўрганишларда 3 та холатда истеъмолчилар томонидан табиий газдан фойдаланиш қоидаларини қўпол равишда бузилиши натижасида давлат манфатларига 672 миллион сўмга яқин зарар етказилгани аниқланган.

Жумладан, Чиноз туманидаги “Экогаз ойл” МЧЖга қарашли шохобчасида ўрнатилган “Auto Pilot Pro” русумли газ ҳисоблагич нуқсон билан ишлаётганлиги, шунингдек, ўзбошимчалик билан қўшимча газ жихозлари ўрнатилганлиги ва шартномавий миқдорлардан ортиқча газ олаётганлиги маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ҳолат бўйича давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 272,2 миллион сўмни ташкил этган.

Янгийўл туманида жойлашган “Петрометан” МЧЖга қарашли шохобчада ўрнатилган “Auto Pilot Pro” русумли газ ҳисоблагичнинг конфигурация кўрсатгичлари шубҳа уйғотганлиги сабабли ҳисоблагич давлат экспертизасидан ўтказилганида ҳисобдон ишга яроқсиз эканлиги, яъни 0,075 фоиз хатолик даражасидан 50 фоиздан 90 фоизгача паст кўрсаткич билан ишлаганлиги маълум бўлди. Бу ҳолатда давлат манфаатларига 152,4 миллион сўм зарар етказилган.

Тошкент туманида жойлашган “FOZUSHA” МЧЖга қарашли иссиқхона хўжалигида ўрнатилган “ПРИНЦ-М G-40” русумли ҳисоблагичнинг тамғалари бузилгани ва ҳисоблагич кўрсаткичлари ўзбошимчалик билан ортга қайтарилганлиги аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ҳолатда давлат манфаатларига 247 миллион сўм зарар етказилган.

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА,

ЎзА мухбири