Буюк Британия фармацевтика гиганти “Astra Zeneca” ва Оксфорд университети ҳамкорлигида коронавирусга қарши ишлаб чиқилган вакцина дунёдаги илк бемор танасига юборилди.
82 ёшли Браян Пинкер ушбу вакцинани биринчи бўлиб олганидан мамнунлигини ва шу билан бирга ҳеч қандай ноқулайлик сезмаганини айтди.
Соғлиқни сақлаш котиби Метт Хэнкокнинг таъкидлашича, мамлакатдаги иккинчи тасдиқланган коронавирусга қарши вакцина Британия илм-фанининг жиддий ютуғидир.
“Даҳшатли вирусга қарши курашиш йўлидаги муҳим воқеа сифатида мазкур воситанинг амалиётга тадбиқ этилиши барчамиз учун пандемия устидан қозониладиган ғалабага умид бахш этади», – дейди Хэнкок.
Декабрь ойида ишлаб чиқарилиши бошланган ушбу препарат Пфизернинг мРНA вакцинасига қараганда анча арзон ва сақлаш учун қулай. Илк буюртма миқдори 100 миллион дозани ташкил қилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, дастлабки 5 мингдан ортиқ доза энг эҳтиёжманд, заиф қатламга тегишли фуқароларни эмлашга йўналтирилади.
Бугунги кунгача бир миллиондан ортиқ вакцина тадбиқ этилди, кейинги ой ушбу кўрсаткични сезиларли даражада ошириш режалаштирилган.
Маълумки, ушбу мамлакатда бир неча кундирки, 50 мингга яқин кунлик касалланиш ҳолати қайд этилмоқда. Шунингдек, вируснинг иккинчи тўлқини тарқалиши хавфи ҳам йўқолган эмас. Шу юлис, вакцина тарқатилаётганига қарамай, инқироз ҳам кучайишда давом этяпти.
Баъзи экспертлар Буюк Британия стратегиясини танқид қилиб, муаммони ҳал қилиш учун келажакда эмлаш кўламини кенгайтириш ўрнига, юқумли касалликларни камайтириш йўлида самаралироқ ишлаш керак, деб ҳисоблашмоқда.