2018 йил Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманининг «Ҳаким ота» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудининг Қизилжар массивида жойлашган яйловларни яхшилаш ва уларнинг унумдорлигини ошириш, ҳудуд аҳолисининг чорвачилигини ривожлантириш мақсадида “Ажиниёз яйловлари“ ишлаб чиқариш яйлов кооперативи ташкил қилинди.
Ҳозирги кунда яйловда кооператив аъзоларининг 648 бош қорамоли, 2750 бош қўй-эчкиси, 95 бош от ва туяси боқилмоқда. Шунингдек, уларни боқиш учун яйлов яратиш ва мунтазам ем-хашак билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Яйловларнинг унумдорлигини ошириш ва кооператив фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази ва БМТ Доиравий конвенциясининг Мослашув (Адаптацион) жамғармаси томонидан амалга оширилаётган «Ўзбекистоннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш» қўшма лойиҳаси томонидан трактор, прицеп, лазерли ер текислагич, пресс-подборчик, суткасига 500 килограмм яшил ўт ишлаб чиқарувчи гидропоник ускуна, 115 квадрат метрлик иссиқхона, 2 гектар майдонда интенсив боғ яратиш учун ниҳоллар ва қуёш энергияси ёрдамида ишловчи томчилаб суғориш тизими ҳамда суғориш учун мўлжалланган сув насоси берилди.
Бугунги кунда Нафиса Бойниязова раҳбарлик қилаётган ишлаб чиқариш яйлов кооперативининг моддий-техник базаси анча яхшиланди. Қўшма лойиҳа томонидан берилган ёрдамдан унумли фойдаланган ҳолда гидропоник ускуна ёрдамида яшил ўт ишлаб чиқарилмоқда. Улар беда, янтоқ, қамиш каби ўтлар билан аралаштирилган ҳолда молларга берилмоқда. Натижада 300 гектар яйловга ёки 75 гектар суғориладиган ерга бўлган эҳтиёж камайди. Жорий йилда баҳорда 10 гектар майдонга тўпроқни ҳайдамасдан экиш технологиясида беда экилди ва яхши ҳосил олинди.
Лойиҳа доирасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Орол денгизининг қуриган тубида олиб борилаётган кенг кўламли ҳимоя тўқайзорлар яратиш ишларига ҳисса қўшиш мақсадида кооператив 10 гектар майдонда саксовул кўчатини етиштирди. Ушбу кўчатлар денгизнинг тубида 2000 гектар майдонда саксовулзор яратиш учун етади. Бундан ташқари, иссиқхонада қовун, тарвуз, ошқовоқ, бодринг кўчатлари етиштирилиб, 13 гектар очиқ далага экилди.
–Мутахассислар томонидан “Ажиниёз яйловлари“ ишлаб чиқариш яйлов кооперативи кўчатхонасида ва Орол денгизининг қуриган тубида тупроқдаги намликни ўзида сақлаш, ўсимлик илдизини намлик билан таъминлаш учун “UPL Limited“ халқаро компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “ЗEБА“ препаратини синовдан ўтказиш ишлари ҳам олиб борилди, – дейди қўшма лойиҳа мутахассиси Азат Тилеўмуратов. – Жумладан, саксовўл кўчатхонасида гектарига 10, 15, 20 килограмм “ЗEБА“ препарати ишлатилди. Натижада гектарига 10 килограмм мазкур препарат ишлатилиб, ижобий натижа берди. Бунда 1 квадрат майдонда 56 та новда униб чиқди ва бўйи 56 сантиметрни ташкил қилди.
Орол денгизининг қуриган тубида ҳар бир новда илдизига 15, 20, 30, 35 грамм “ЗEБА“ препарати берилиб, синов тажрибаси ҳам ўтказилди. Натижада ҳар бир новда илдизига 35 грамм препарат қўллаш энг самарали усул экани маълум бўлди. Бунда новдаларнинг унувчанглиги 80-90 фоизни ташкил этди.
Таъкидлаш жоизки, бош қароргоҳи Мумбайда жойлашган “UPL Limited“ экинларни ҳимоя қилиш масулотларини ишлаб чиқарувчи жаҳондаги энг йирик халқаро компания ҳисобланади. Ушбу компания 10 йилдан зиёд вақт мобайнида мамлакатимизда ўзининг юқори сифатли маҳсулотлари, илғор технологиялари, ғоя ва тажрибаларини қишлоқ хўжалигида жорий этиб, самарали фаолият юритиб келмоқда.
Маҳлиё РУСТАМОВА,
ҚДУ Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети 4-курс талабаси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги