Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани 1968 йилда ташкил топган. Туманнинг жами майдони 0,94 минг кв.км (94 минг 391 гектар).
Ҳудудда 50,5 минг фуқаро истиқомат қилади. Туман иқтисодиёти деҳқончилик, чорвачилик соҳаларига ихтисослашган.
Туманда саноат ишлаб чиқариш фаолиятига алоҳида эътибор берилмоқда. Туманнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида замонавий иссиқхона комплекслари барпо қилиш зарур. Туманнинг мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашганлиги инобатга олинган ҳолда, “Саманбай”, “Тахиркол” ОФЙ ҳудудларидан 20 гектар ер майдонида замонавий типдаги иссиқхоналар барпо этиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Бироқ баъзи сабабларга кўра тадбиркорлар олдида сунъий тўсиқлар пайдо бўлган.
20 гектар ер майдони иссиқхона қуриш, маҳсулотни сақлаш учун музлатгич ўрнатиш мақсадида тўрт тадбиркорга бўлиб берилди. Бироқ тадбиркорлар бир неча ойдан буён банкдан кредит олишда бюрократик тўсиқларга дуч келмоқда. Банклар гоҳ ресурс йўқлигини, гоҳ тадбиркорлардан турли қўшимча ҳужжатларни олиб келишни талаб қилаяпти. Вақт ўтяпти, ер майдони эса бўш ётибди.
Мазкур муаммо 7 октябрь куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Нукус тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳам кўтарилди.
Банк ва тадбиркорлар муаммосини ўрганиш мақсадида “Ayziya Diyarbek” МЧЖ раҳбари Искандар Дўсжановга юзландик.
– Туман ҳокимлиги замонавий иссиқхона, маҳсулотни сақлаш учун музлатгич қуришим учун 5 гектар ер майдони ажратди. Ишлаб чиқилган лойиҳага кўра 7,5 миллиард сўм маблағ керак. 500 миллион сўмини ўз ҳисобимдан, қолган 7 миллиард сўмни банк кредити асосида шакллантирмоқчи эдим. “Микрокредитбанк” АКБ Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий филиалига мурожаат қилдим. Иккита бино ва битта “Малибу” русумидаги автомашинамни гаровга қўйдим. Банк вакиллари гаров миқдори камлиги, бунинг устига ҳозир банкда ресурс йўқлигини айтишди. Мана орадан тўрт ой ўтиб кетди. Муаммо эса муаммолигича қолиб кетмоқда, – деди тадбиркор Искандар Дўстжанов.
Биз иккинчи томонни ҳам эшитиш учун банк ходими билан учрашдик. Дастлаб тадбиркор ва банк вакили ўзаро мулоқот қилди. Улар келишиб олиши ва масала ижобий ҳал этилиши узоққа чўзилмади.
– “Ayziya Diyarbek” МЧЖ раҳбари ростдан ҳам тўрт ой аввал 2 гектар ерга замонавий иссиқхона қуриш мақсадида банкдан 7 миллиард сўм кредит олиш учун ариза билан мурожаат қилганди. Унга мазкур маблағни ажратишга тўсқинлик қилувчи маълум сабаблар бор эди. Охири тадбиркор билан келишиб олдик. Биринчи босқичда 4 миллиард сўм, иккинчи босқичда эса 3 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Маблағ 5 йил муддатга, бир йил имтиёзли давр билан ажратилади. Тадбиркор биринчи босқичда берилган пулга иссиқхона қуриб, қолган 3 миллиард сўмни ана шу иссиқхонани гаровга қўйиб олади, – деди “Микрокредитбанк” АКБ Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий филиали амалиёт бўлими бошлиғи Нурхасин Абдирасулев.
Яна бир замонавий иссиқхона қурмоқчи бўлган тадбиркор –“Jaqsi tarbiya” МЧЖ раҳбари “Xalq banki” АКБ Нукус тумани филиалидан 1 миллион доллар кредит сўраган.
“Xalq banki” АКБ Нукус тумани филиали раҳбари Пушкин Сафарниёзовнинг таъкидлашича, ҳозирча банкда ресурс йўқ. Ресурс бўлиши билан тадбиркорга кредит маблағи ажратилади. Қолган тадбиркорлар ва банклар билан кўришишнинг имкони бўлмади. Ўйлаймизки, бу муаммо тез кунларда ижобий ҳал этилади.
Нукусда балиқчилик соҳасида ҳам кенг имкониятлар яратилган. Узоқ йиллар Қорақалпоғистонда балиқчиликни ривожлантиришга хизмат қилган Каллибек Примбетов “Нукус балиқ” корхонаси тугатилгач, соҳани мустақил ривожлантиришга қарор қилди. Нукус тумани ёпиқ сув айланма тизими ҳавзаларида балиқ етиштиришга қаратилган йирик корхона ишга тушди.
Мазкур “Nukus agro fish” МЧЖ томонидан ёпиқ сув таъминоти тизими технологияси асосида балиқ етиштиришга мўлжалланган йирик мажмуада йилига 300 тонна балиқни истеъмолчиларга етказиб бериш назарда тутилган. Кенг бинодаги бетонли ванналар Африка лаққа балиқларининг ўсишига қараб қурилган. Бу ерда 30 дона кичикроқ ванналардан иборат инкубация бўлими ва 24 дона ҳовуздан иборат улғайган балиқлар бўлими мавжуд.
– Барча ҳавзалар бир-бири билан ёпиқ сув таъминоти тизимида боғланган, унда сув доим айланиб туради. Артезиан қудуқлардан олинадиган сув вақти-вақти билан янгилаб борилади. Алмашиш пайтида сув биофильтр орқали тозаланади. Ҳавзадаги сув насос ва вентилятор ёрдамида кислород билан таъминланади. Сувни тозалаш учун биобактериалардан фойдаланилади. Сув доимо ҳаво билан тўйинган бўлиши учун 10-15 фоиз янгиланади.
Ёпиқ сув тизими атроф-муҳит таъсиридан холи бўлгани сабабли, йил бўйи юқори ҳосилдорликка эришиш имконини беради. Ушбу технология орқали сувни сезиларли иқтисод қилишга ҳам эришилади. Ушбу мажмуада фақат Африка лаққаси боқилади. Балиқ озуқа танламаслиги сабабли қисқа вақт ичида яхши вазн йиғади. Тирик ва музлатилган Африка лаққасига ички бозорда талаб юқори. Келажакда тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилмоқчимиз.
Бугунги кунда 4 та балиқ корхонаси Россияга балиқ маҳсулотларини экспорт қилади. Биз ҳам хорижий давлатларга музлатилган балиқларни экспорт қилмоқчимиз. Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси билан боғландик. Улар бизга ёрдам бермоқчи, – дейди “Nukus agro fish” МЧЖ корхонаси директори Каллибек Примбетов.
Корхона ўз фаолиятини 2019 йилнинг март ойида бошлаганига қарамай, айни пайтда Қорақалпоғистоннинг етакчи корхоналари сафидан жой олди. Бу ерда 20 иш ўрни яратилган. Аҳолини сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш режасига кўра, ёпиқ бассейнда балиқ етиштириш, уни қайта ишлаш ҳамда тайёр ва ярим тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда қизилмия илдизи жаҳон стандартларига жавоб берувчи ускуналар ёрдамида қайта ишланиши натижасида олинаётган “экстракт” дунё бозорида харидоргирлиги билан мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти ўсишида катта омил бўлмоқда. Нукус туманида қизилмия илдизидан табобат ва косметологияда кенг қўлланиладиган экстракт ишлаб чиқарилади ва хитой бозорларига экспорт қилинади.
– Қизилмия илдизини қайта ишлашга ихтисослашган корхонамиз 2019 йилда ишга тушган. Бунинг учун хитойлик инвесторлар томонидан 400 минг доллар инвестиция киритилган. Корхонанинг барча ускуналари Хитойдан олиб келинган. Корхонада икки сменада 68 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Қизилмия илдизи маҳаллий фермерлардан харид қилиниб, декабрь, январь ойларида 200 га яқин мавсумий ишчи жалб қилинган ҳолда териб олинади.
Бир нечта босқичдан сўнг қизилмия экстракти олинади. Дастлаб қизилмия илдизи майдаланади, кейин сув билан бир неча марта ювилади. Натижада қизилмия илдизидан шираси ажратиб чиқади. Тайёр экстракт махсус боксларга қуритилади. “Қизилмия илдизи экстракти” маҳсулотининг бир килограмми 5 доллардан баҳоланиб, юз фоиз Хитойга экспорт қилинади.
Бир йилда 150 тонна маҳсулот олиниши белгиланган. Жорий йилда бу кўрсатгични 200 тоннага етказмоқчимиз. 150 гектар ер майдони қизилмия плантацияси учун тайёрланмоқда, – деди “Nukus ekoplant extract” МЧЖ иш бошқарувчиси Қурбонбой Холбеков.
Х.Қодиров, ЎзА