Cаудия Арабистони қироли, 84 ёшли Салмон бин Абдул Азиз Ал Соуд кеча тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида касалхонага ётқизилди. SPA ахборот агентлиги монарх девонхонасига таяниб хабар беришича, подшоҳнинг ўт пуфаги шамоллаган.
«Икки муқаддас зиёратгоҳ қўриқчиси (Cаудия монархи расман шундай унвон эгаси ҳисобланади – таҳририят) – қирол Салмон бин Абдул Азиз Ал Соуд душанба куни ўт пуфаги яллиғланиши ташхиси билан Ар Риёд шаҳридаги қирол Файсал ихтисослашган шифохонага ётди», – дейилган баёнотда.
Хабар қилганимиздек, охирги шанбада Саудия Арабистони билан қўшни жойлашган бошқа бир араб давлати – Қувайт ҳукумати ҳам мамлакат раҳбари – амир Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳнинг текширувдан ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштирилганини маълум қилганди.
ЎзА