“Akfa Medline” тиббиёт маркази поликлиникаси 1 кунда 200 кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга

Эл соғлиғи – юрт бойлиги. Шу боис, халқимиз дуога қўл очганда, аввало, тинчлик-хотиржамлик, саломатлик тилайди. Мамлакатимизда малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликлар профилактикаси, патронаж ва скрининг хизматларини замонавий даражага кўтариш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва тиббий маданиятни юксалтиришга доир олиб борилаётган кенг кўламли ишлар замирида ҳам бу эзгу мақсад мужассам.

Бугун тиббиёт соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқимиз розилиги йўлида соҳага ажратилаётган маблағлар сезиларли ўсиб, хусусий сектор вакилларига кенг имтиёзлар яратилди. Булар ёрдамида хусусий тиббиёт вакиллари замонавий асбоб-ускуналар харид қилмоқда. Янги йўналишлар очилмоқда. Хусусий тиббиёт йўналиши нафақат шаҳарларни, балки қишлоқларни ҳам қамраб олаётир.

“Akfa Medline” тиббиёт маркази бу имкониятлардан самарали фойдаланмоқда. Энг илғор технологиялар, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган хусусий тиббиёт марказида Президентимизнинг «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида аҳоли учун барча шароит яратилган.

Тиббиёт марказининг умумий майдони 2 гектар бўлиб, 5 блокдан иборат. 12 қаватли замонавий бинода 160 ўринли стационар мавжуд. Тиббиёт маркази поликлиникаси 1 кунда 200 кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Марказ фаолиятини йўлга қўйиш учун 93 миллиард сўм инвестиция жалб қилинди. Бу маблағнинг 41 миллиард сўми қурилиш-таъмирлаш ишларига, 52 миллиард сўми эса асбоб-ускуналар харид қилишга сарфланди.

“Akfa Medline” энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бу ерда 400 дан ортиқ иш ўрни яратилган бўлиб, малакали мутахассислар ультратовуш диагностикаси, терапия, гинекология, гастроэнтерология, диетология, физиотерапия, оториноларингология, урология, педиатрия, кардиология, офтальмология, неврология, эндоскопия, ортопедия, хирургия, нейрохирургия каби йўналишларда аҳоли саломатлигини тиклаш, мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

– Президентимиз муассасамизга ташрифи чоғида фаолиятимиз учун долзарб бўлган қатор кўрсатмалар берди, – дейди “Akfa Medline” тиббиёт маркази лойиҳа раҳбари Камола Мирзаалиева. – Мамлакатимиздаги мавжуд хусусий тиббиёт мутахассисларининг ўқувини ташкил этиш, хусусий секторни ривожлантириш бўйича асосий база бўлиш, Корея Республикаси тажрибаси асосида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, тиббиёт йўналишида таълим муассасалари билан ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар ва талабаларни амалиётга жалб этиш шулар жумласидандир.

Маълумки, Президентимиз чет давлатларнинг етакчи тиббиёт марказларида фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассисларни мамлакатимизга қайтариш, улар малакасидан унумли фойдаланиш, бу мутахассисларга етарлича шарт-шароитлар яратиб бериш ташаббусини илгари сурган эди. “Akfa Medline” тиббиёт маркази жамоаси эътиборидан бу долзарб масала четда қолмади. Айни пайтда мазкур марказда хорижда тажриба орттирган 3 нафар ўзбекистонлик юқори малакали мутахассис фаолият юритмоқда.

Улардан бири Ботир Мирзаев. У гастроэнтерология йўналиши бўйича Қувайтда ишлаган. Раҳим Тожибоев Малайзияда ўқиб, ўша мамлакатда кардиоанестезиология соҳасида фаолият юритган. Тиббиёт маркази бош врачи Фузулиддин Орифхўжаев ҳам 7 йил мобайнида АҚШда малака оширган, етук мутахассислар билан бирга ишлаган.

Сир эмас, юртдошларимизнинг айримлари касалликларни даволаш учун ва мураккаб операцияларга эҳтиёж сабаб чет эл клиникаларига мурожаат қилишмоқда. Бу вазиятни инобатга олган ҳолда мамлакатимизга чет эллик юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш амалиёти йўлга қўйилаётгани яхши самара бермоқда.

– Бизнинг таҳлиллар чет элларга, хусусан, Ҳиндистонга даволаниш учун кетаётган фуқароларимиз сони кўп эканини кўрсатмоқда. Шуни инобатга олиб, биз асосий эътиборни ҳиндистонлик мутахассисларни клиникамизга олиб келишга қаратдик. Бугун бизда Ҳиндистоннинг таниқли клиникаларида хизмат қилаётган 15 га яқин юқори тоифали ва уларга ёрдамчи ўрта тоифали мутахассислар фаолият бошлаган. Бундан ташқари, россиялик мутахассислар ҳам самарали ишламоқда, – дейди К.Мирзаалиева. – Айни пайтда улар гастроэнтерология, кардиология, офтальмология, неврология, умумий хирургия, нейрохирургия каби йўналишларда тиббий хизмат кўрсатмоқда, мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажармоқда. Улар ёнида маҳаллий шифокорларимиз тажриба орттирмоқда.

– Ҳайдарободдан келдим. Тошкент менга жуда ёқди. Одамлари самимий, меҳмондўст, – дейди ҳиндистонлик нейрохирург Рамдас Гидугу. – Мақсадимиз – бор имкониятимиз ва билимимизни ишга солиб, Ўзбекистон аҳолиси саломатлиги учун хизмат қилиш. Бунинг учун барча шароит мавжуд.

Шу ўринда хорижда даволаниб қайтишнинг айрим ноқулай жиҳатлари ҳақида мулоҳаза юритайлик. Гап шундаки, чет эл клиникасида даволанишнинг қийинчилик томони – бу, аввало, тил билмаслик муаммоси, ҳуқуқий кафолатланган тиббий хизматнинг мавжуд эмаслиги. Қолаверса, хорижда даволаниш катта маблағ талаб этади. “Akfa Medline” тиббиёт маркази жамоасининг асосий мақсади эса аҳолига имкон қадар замонавий шароитлар яратиб бериш. Энг муҳими, ҳуқуқий кафолатланган сифатли тиббий хизмат кўрсатиш. Бунинг учун барча шароит муҳайё.

Мазкур тиббиёт маркази фаолиятини ташкил қилиш жараёнида Германия, Туркия, Жанубий Корея, Россия каби мамлакатлардаги етакчи хусусий тиббиёт муассасалари тажрибаси ўрганилди, илғор усуллардан андоза олинди. Тиббиёт соҳаси ютуқлари намойиш этилган халқаро кўргазмаларда иштирок этилди. Шу ўринда мазкур тиббиёт марказида мавжуд шароитларни санаб ўтсак: тиббий карталар электрон шаклда юритилади, бемор тиббий картасидаги маълумотлар 30 йилдан ортиқ муддат сақланади. Клиникада ҳар бир аппарат электрон тизимга боғланган. Радиология блоки бор. Унда магнит резонансли томограф, мульти спиралли компьютерли томограф, замонавий рентген, маммография аппаратлари мавжуд. Кардиология, гинекология ва умумий касалликлар, жигар церрозини аниқлашга ихтисослашган учта ультра товуш тадқиқотлари аппарати ишлаб турибди. Лаборатия йўналишида Швейцариядан энг замонавий ускуналар келтирилган. Ошқозон касалликларини даволашда илғор технологиялардан фойдаланилади.

“Akfa Medline” тиббиёт марказида касални табиб эмас, ҳабиб тузатар мақолига амал қилинади. Шу маънода ҳар бир беморга, аввало меҳмон сифатида қаралади. Шароитлар ҳам шунга яраша. Буларнинг барчаси беморни нафақат жисмонан, балки руҳан соғломлаштиришга хизмат қилади. Ташриф буюрувчилар учун алоҳида соғломлаштириш мажмуаси бор. Физиотерапия муолажаси, тузли хона, бассейн улар хизматида.

Тиббиёт марказида 8 операция хонаси бўлиб, улар энг замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Хоналарга тозаланган ҳаво узатиб турилади. Бу жарроҳлик амалиётидан кейин турли инфекциялар тушишининг олдини олади. Бемор тез соғайиб кетишига хизмат қилади.

Марказ мутахассислари хусусий тиббиётга қаратилаётган алоҳида эътибор, мавжуд имтиёзлардан мамнун ҳолда фаолият кўлами ва сифатини муттасил ошириб боришга ҳаракат қилмоқда.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА