Илмий тараққиёт юксалиши билан тўқимачиликда синтетик маҳсулотлар соф пахта, ипак ёки табиий жундан тайёрланган матолар ўрнини жадал эгаллади. Бу кийиниш маданиятида “мода”ларнинг “умри қисқариши”, йилдан-йилга янгилари пайдо бўлишида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бироқ бу рақобатда тарихи узоқ асрларга бориб тақаладиган ипак газлама ўз мавқеида мустаҳкам тургани ҳам айни ҳақиқат.

Миллийлик ва замонавийликни ўзида мужассам этган ва опа-сингилларимиз эгнида камалакдек жилоланиб турган атласу адрас либослар ҳам ипакдан тўқилган матолардан тикилган. Аммо унинг хомашёси табиат мўъжизаси – ипак қурти ўраган пилла эканини кўпчилик хаёлига ҳам келтирмайди.

Мутахассисларнинг фикрича, атиги 2 грамм тош босадиган битта пилла 1000 метрга яқин тола беради. 100 килограмм пилладан 100-140 метр газлама тўқишга етарли ипак олиш мумкин. Ипак толасининг мустаҳкамлиги пўлат симникига яқин бўлиб, 1 квадрат миллиметрли ипакни узиш учун 50 килограммга тенг куч сарфлаш керак. Кўриниб турибдики, ипак нафақат тўқимачилик саноатида, балки ҳарбий, авиация, тиббиёт ва бошқа соҳаларда ҳам бебаҳо хомашё ҳисобланади.

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам кейинги йилларда пиллачиликни жадал ривожлантириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Наманган ҳудудий агропилла” масъулияти чекланган жамияти маълумотларига кўра, 2017 йилда вилоят бўйича барча йўналишдаги 9 минг 432 субъект, жумладан, фермер хўжаликлари орқали 46 минг 400 пиллакор хўжаликлар билан пилла етиштириш бўйича шартнома тузилган ва уларга 48 минг қути ипак қурти тарқатилган.

Сифатли пилла етиштиришда кўплаб омиллар қатори ипак қуртига озуқа етказиб бериш алоҳида аҳамиятга эга. Бу борада вилоятда пиллачилик корхоналарини молиявий соғломлаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, сифатли ва мўл пилла етиштиришни ташкил этиш, маҳаллий тут, ипак қурти уруғини тайёрлаш бўйича 2017-2021 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури доирасида муайян ишлар амалга оширилди.

Ўтган йили вилоят бўйича 1,5 миллион туп тут кўчати экилгани қурт озуқаси тақчиллигининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этди. Бу тадбир билан мавжуд 6 миллион тупдан зиёд якка қатор тут дарахти, 2 минг 800 гектарга яқин тутзорлар хатолари тўлдирилди. Мавжуд якка тут қатор оралари ва махсус плантацияларда ҳайдаш, ўғитлаш, суғориш каби муҳим агротехник тадбирлар ўз вақтида ўтказилди. Мингбулоқ, Наманган, Норин, Уйчи ва Учқўрғон туманларида янги кўчат экиш ва реконструкция қилиш ҳисобидан жами 68 гектардан зиёд майдонда интенсив тутзорлар барпо этилди.

Фермер хўжаликлари билан шартнома тузган қурт боқувчи хонадонларга ипак қуртини парваришлаш борасида амалий ва услубий ёрдам кўрсатилиб, зарур миқдордаги ўрама қоғоз, термометр, психрометр, бўз мато, дезинфекция препаратлари ва бошқа воситалар етказиб берилди. Пиллакорнинг моддий манфаатдорлиги устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, “Verigirow Ipagi”, “Golden Silk” каби пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан жами етказиб бериладиган 28 миллиард сўмликка яқин хомашё қийматининг 30 фоизи хўжаликларга бўнак сифатида олдиндан тўлаб берилди. Пировардида вилоят пиллакорлари мазкур корхоналарга 571 тонна қимматбаҳо саноат хомашёси етказиб берди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, плёнка остида пилла етиштириш, такрорий пилла етиштириш технологиялари вилоятда муваффақиятли жорий этилмоқда.

– Такрорий пилла етиштириш технологияси йилдан-йилга яхши самара бермоқда, – дейди “Наманган ҳудудий агропилла” масъулияти чекланган жамияти раиси ўринбосари А.Бекмирзаев. – Жорий йил август-сентябрь ойларида 3 минг 800 қурт боқувчига 1000 қути такрорий пилла ҳосили учун ипак қурти уруғи тарқатилди. Такрорий пилла етиштириш анъанавийсига қараганда анча мураккаб, шунинг учун 5-10 граммдан ортиқ қурт уруғи берилмайди. Шунга қарамай, бу борадаги 40 тонна пилла етиштириш режаси ортиғи билан бажарилди. Ҳосилнинг ҳар килосига 15 минг сўмдан пул берилгани, яъни қурт боқувчи манфаатдорлиги оширилгани мазкур технологиянинг истиқболини кенгайтирмоқда. Шунингдек, ипак қуртини плёнка остида боқишнинг афзалликлари ўз амалий исботини топди. Жумладан, қуртнинг кичик ёшида пиллакор меҳнати 35 фоизга камаяди. Анъанавий усулда қуртнинг 1-2 ёшида 12 марта барг солинса, янги технологияда 3 марта озиқлантириш кифоя қилади. Барг ўз намлигини плёнка остида узоқ сақлаб туриши ҳисобидан озуқа 20 фоизга тежалиб, ҳосилдорлик ҳар қутидан 5-6 килограммга ортади. Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожини янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжатда пиллачиликнинг озуқа базасини жадал ривожлантириш, ипак қурти парваришлаш ва пилла етиштириш, пиллани қайта ишлаш жараёнларини такомиллаштириш борасидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди. Вилоятимизда ҳам соҳани шу асосда ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда. Бунинг самараси келгуси йил натижаларида албатта ўз ифодасини топади.

Хўш, вилоят пиллакорларининг янги йил учун режалари қандай?

2018 йилда вилоятда 1 минг 550 тонна пилла етиштириш режалаштирилган. Етиштирилган хомашё “Verigirow Ipagi”, “Golden Silk”, “Marjon tola fayz”, “Oydin ko’l savdo”, “Fabrik tex” каби замонавий технологиялар асосида ишлайдиган корхоналарда қайта ишланади.

 

Акрамжон Сатторов, ЎзА