​“AgroWorld Uzbekistan – 2020​”: янгилик, тажриба ва ҳамкорлик имконияти​

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида “Қишлоқ хўжалиги – AgroWorld Uzbekistan – 2020” халқаро кўргазмаси иш бошлади.

“Iteca exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан ташкил этилган мазкур кўргазмада Ўзбекистон билан бир қаторда, Германия, Австрия, Испания, Франция, Бельгия, Буюк Британия каби жаҳоннинг 20 мамлакатидан 170 маҳаллий ва хорижий компаниялар иштирок этмоқда.
photo5424893778088537751.jpg

Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири бўлиб, аграр сектор фаолиятини замон талаби даражасида ташкил этиш бугуннинг муҳим масаласидир. Шу сабабли, соҳага инновацион агротехнологияларни жорий этиш ва юқори ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлашда мазкур кўргазма муҳим аҳамият касб этади.

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ушбу йўналишда давлат ислоҳотларининг янги тараққиёт йўлини кўрсатиб берди, – деди “Iteca exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори ўринбосари Ойимхон Бобожонова. – Бу йил ўн бешинчи бор ташкил этилаётган кўргазма паррандачилик, чорвачилик, ғалла ва мева-сабзавотни қайта ишлаш соҳасидаги энг янги натижаларни намойиш қилиш учун тармоқ профессионаллари, инвесторлар, ҳокимият вакиллари, мустақил экспертлар ва деҳқон хўжаликлари эгаларини бир мақсадга бирлаштиришга хизмат қилмоқда. Қолаверса, бу нуфузли тадбир Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг расмий кўмагида ўтказиб келинмоқда. Ўтган йиллар мобайнида кўргазмалар ишида мингдан ортиқ халқаро компаниялар иштирок этди, уларга ташриф буюрган профессионаллар сони эса 37 минг нафардан ошиб кетгани бизни ниҳоятда қувонтиради.

photo5424909184136228432.jpg

Бу йилги кўргазма павильонларида чорвачилик ва паррандачилик учун ускуналар, омихта ем, ветеринария, дон маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш ускуналари, мева ва сабзавотлар, сақлаш ва қайта ишлаш, иссиқхоналар учун ускуналар каби бўлимлар фаолият кўрсатади. Эътиборли жиҳати, иштирокчилар орасида 44 компания илк маротаба иштирок этаётган бўлса, уларнинг олтитаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилардир.

– Ушбу анъанавий кўргазманинг доимий иштирокчисимиз, – деди Тошкент вилоятидаги «Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖнинг маркетинг бўлими ходими Жасур Жабборқулов. – Корхонамиз томонидан ҳозирги кунда 26 турдаги қишлоқ хўжалигига доир техника ва ускуна ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларимизга ички бозор ва қўшни мамлакатларда талаб юқори. 2016 йилда фаолиятини бошлаган заводимиз равнақи учун бу каби кўргазмалар муҳим роль ўйнайди.

photo5424893778088537750.jpg

Кўргазма павильонларида Туркия компаниялари фаол иштирок этаяпти. Унда “Askomak” компанияси ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.

– Мақсадимиз юртингиз бозорини ўрганиш, – деди ушбу компания вакили Мустафо Ёлқин. – Шу вақтга қадар биз маҳсулотларимизни Россия, Қозоғистон, Африка ва Осиё давлатларига танитиб улгурганмиз. Ушбу мамлакатларда офисларимиз ишлаб турибди, заводлар ташкил этилган. Энди навбат Ўзбекистонга компанияда ишлаб чиқарилаётган омихта ем, дон маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналарини тақдим этиш ва офис очиш. Ўйлаймизки, ушбу халқаро кўргазма бунга яхши имкон яратади.

photo5424909184136228436.jpg

Кўргазма доирасида Ўзбекистоннинг глобал агросаноат форуми ташкил этилди. Ушбу “UGAF 2020” тадбири тақдимотлар, маҳорат дарслари, профессионаллар учрашувларига катта имконият яратди. Унинг ялпи мажлисида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги ривожланиш стратегиясининг тақдим этилиши муҳим аҳамиятга эга.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, Отабек МИРСОАТОВ​ (сурат), ЎзА