Президент газ таъминотидаги ўғирликларнинг олдини олиш бўйича топшириқлар берди

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ тузилиб, табиий газни истеъмолчиларга етказишда йўқотишларни камайтириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланган эди.
Жумладан, фаолият кўрсатаётган газ тақсимлаш пунктлари ва тармоқлари модернизация қилинади. 2022 йилга қадар табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими барча турдаги истеъмолчилар учун тўлиқ жорий этилади. Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида газ тақсимлаш тармоқлари ва тегишли ускуналарни эксплуатация қилиш, истеъмолчиларга табиий газни сотиш функцияларини бажариш учун газ таъминоти объектларини хусусий операторлар бошқарувига босқичма-босқич берилади.
Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 28 февраль куни пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Технопарк ҳудудида ишга туширилган электрон газ ҳисоблагичлар корхонаси фаолияти билан танишди. Ташриф доирасида соҳа мутахассисларига берилган тавсия ва топшириқлар ҳақида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ раиси Баҳодир Эшмуродов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Акциядорлик жамиятимиз истеъмолчини ортиқча овора қилмай, газ ҳисоблагични ўрнатиб беришни йўлга қўйишни мақсад қилган. Ҳозир кўпчиликни қийнаётган масала газ ҳисоблагичдаги кўрсаткич туман газ таъминоти бўлимидаги рақамга тўғри келмайди. Мажбурий ижро бюроси рўйхатида эса фуқаро томонидан сарфланган газ учун умуман бошқа ҳисоб мавжуд. Бунинг орқасидан оддий газ ҳисоблагичнинг носозлиги, уни қайта таъмирлаш, текшириш каби оворагарчиликлар пайдо бўлаяпти. Янги корхонада ишлаб чиқарилаётган электрон газ ҳисоблагичлар бундай салбий ҳолатлардан умуман йироқ бўлиб, ортиқча вақт ва харажатларни тежайди.
Мақсадимиз ҳар бир истеъмолчини ҳурмат қилиш
“Технопарк” МЧЖдаги ишлаб чиқарувчи корхонага янги электрон газ ҳисоблагичнинг техник вазифаси қандай бўлиши кераклигини биз белгилаб бердик. Унда хавфсизлик масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Сўнгги йилларда аҳолининг газдан заҳарланиши, хонадонларда ёнғин чиқиш ҳолатлари ортмоқда.
Шунингдек, ҳисоб-китоблардаги ноаниқликларнинг келиб чиқиши кўплаб норозиликларга сабаб бўлди. Бунга, ўз навбатида, жазирама ёз ва қаҳратон қишдаги ҳаво ҳароратининг ўзгариши ҳам таъсир қилади, албатта. Шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида электрон газ ҳисоблагичларга махсус терморегулятор ўрнатилган. Бундан ташқари, газ сарфидаги ҳисоб-китобларни тўғри йўлга қўйиш мақсадида масофавий бошқарув клапанлари билан таъминлангани, ташқи таъсирдан ҳимоялаш воситалари борлиги муаммоларни бартараф этади.
Табиий савол туғилади: истеъмолчи ортиқча газ ишлатаётганини қандай аниқлаш мумкин? Масалан, оддий хонадонда 1 та газ плитаси, 1 та иситиш қозони учун электрон газ ҳисоблагич ўрнатилган. Агар хонадон эгаси қўшимча тарзда ноқонуний мослама ўрнатадиган бўлса, газ ҳисоблагич белгиланган меъёрдан ортиқчасини аниқлаган заҳоти хонадонни тармоқдан ўчириб қўяди. Бу аввало газдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга ёрдам беради.
Янги электрон газ ҳисоблагичнинг аҳамияти нимада?
Электрон газ ҳисоблагичларга махсус сим-карта ўрнатилган. Бу кун давомида қанча газ сарфланаётгани ҳақида масофавий ахборот олиш имконини беради. Кун давомида фойдаланилаётган газ сарфи ҳақидаги ахборот онлайн тарзда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ серверига келиб тушади. Шу орқали биз соатбай истеъмол бўйича маълумотга эга бўламиз. Мисол учун, келгусида кўп қаватли уйнинг хонадонларида кунлик, ҳафталик ва ойлик газ сарфи қандай бўлаётгани ҳақида сервис марказимиз компьютерларидан кузатишимиз мумкин.
Ҳозиргача фақат офлайн тарзда, яъни карточкадан олдиндан тўлов қилиб, пули тугагунча газдан фойдаланиш тизими бошқа давлатлар тажрибасида мавжуд эди. Онлайн тарздаги табиий газ етказиб беришнинг автоматик бошқарув тизими дунёда илк бор Ўзбекистонда амалга оширилади.
Президентимиз мазкур тизим билан танишганидан кейин бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Биз янги ҳисоблагичда газдан ноқонуний фойдаланишнинг олди олингани, хавфсизлик таъминланганини тақдимотимизда кўрсатдик. Давлатимиз раҳбари мавжуд амалиётда учрайдиган турли муаммоларни бартараф қилиш бўйича қўшимча топшириқлар берди.
Энди газ ҳисоблагичлар 10 йилда қиёслашдан ўтказилади
Жорий йил ҳудудларда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан 3 миллион 480 минг донадан зиёд электрон газ ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган. Бунинг учун ҳудудларда 15 сервис хизмати кўрсатувчи филиаллар ўз фаолиятини бошлади. Унда 150 нафар мутахассис ишлайди. Хусусан, битта ишчи бир кунда 30 та газ ҳисоблагични тўғри ўрнатилганини текшириб, кафолат муддатини беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги 698-сон қарорига кўра, табиий газни ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти белгиланган. Унда ҳисобга олиш ускуналарини қиёслаш даврийлиги жисмоний шахслар учун 8 йил, юридик шахслар учун эса 4 йилни ташкил этади. Лекин янги авлод электрон газ ҳисоблагичларни ишлаб чиқарувчисига қиёслаш даврийлигини 10 йилда бир қилиш белгиланди. Шунингдек, ягона алоқа маркази ҳам ишга туширилган бўлиб, унга мижозлар ўзини қизиқтирган саволлари, маҳсулотда учраётган нуқсонларини бартараф қилиш ҳақида мурожаатларини бериши мумкин.
Аслида газ ҳисоблагичлар учун сервис хизмат 2 хил йўналишда олиб борилади. Биринчи галда кун давомида жойларда қанча газ ҳисоблагич ўрнатилгани ҳақида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ сервис маркази дастурий таъминотига маълумот юборилади. Шу асосда 24 соат ичида техниканинг тўғри ўрнатилгани ва кафолат муддатини бериш учун режалаштириш ишлари олиб борилади. Иккинчи йўналишда кафолат муддати берилгандан кейин мижоз томонидан газ ҳисоблагичда бирор нуқсон аниқланса, сервис марказига мурожаат қилади. Агар бу салбий ҳолат қувурдаги газнинг кам сизиб чиқиши билан боғлиқ бўлса, ҳудуд газ таъминоти бўлими муаммони бартараф этади.
Ушбу саъй-ҳаракатларимиздан асосий мақсад ортиқча йўқотишларнинг олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш, мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш орқали харажатларни камайтиришга эришишдир.

 

Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА