Абдулазиз Комилов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири:
– Бугун жуда муҳим халқаро анжуманнинг гувоҳи бўлдик. Америка Қўшма Штатлари ва Афғонистон “Толибон” ҳаракати ўртасида тинчлик жараёнини ўрнатиш шартномаси имзоланди. Қирқ йил мобайнида илк бор Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича яхши имконият очиляпти. Бунда Ўзбекистоннинг ҳиссаси жуда катта.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъияти, кучли иродаси ва прагматик ёндашуви туфайли Тошкентда бошланган Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёни Дохадаги тарихий келишувга эришилишида асосий омил бўлди.
Бу муҳим шартноманинг ижобий натижалари нимада кўринади?
Биринчидан,Афғонистон халқининг тинч, бахтли-саодатли ҳаётига эшиклар очилди. Биринчи марта ушбу заминда уруш, зўравонликлар тўхтайди.
Иккинчидан, мазкур шартнома Ўзбекистоннинг тинчлик-барқарорлиги демакдир. Ҳатто толибонлар биз билан учрашувда “Биз ҳеч қачон Ўзбекистонга хавф келтирадиган, хавфсизлигига раҳна соладиган ҳаракатларга йўл қўймаймиз ва бу борада бирга ишлашга тайёрмиз”, – деб таъкидлади. Бу мамлакатимиз учун жуда катта ютуқ, Президентимиз олиб бораётган сиёсатининг ижобий натижасидир.
Афғонистон билан прагматик манфаатларимиз бор. Булар – янги йўллар қуриш, савдо-иқтисодий алоқаларни ўрнатиш, Ўзбекистон маҳсулотларини Афғонистон орқали Ҳиндистон, Покистон, Эрон каби Жанубий Осиё давлатларига экспорт қилиш. Биз бундан буён ҳам халқаро ҳамжамият билан Афғонистон бўйича ҳамкорликни изчил давом эттирамиз, Президентимизнинг афғон диёрида тинчлик ўрнатиш, Ўзбекистон атрофида хавфсизликни таъминлаш бўйича ташаббусларининг ижобати йўлида ҳаракат қиламиз. Чунки юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда бизга аввало тинчлик керак.
ЎзА