Икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари Хивада

Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича иккинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида Қозоғистон ҳукумати раҳбари Асқар Мамин Абдулла Арипов ҳамроҳлигида қадимий Хива шаҳрини томоша қилди.
Қозоғистон делегацияси Очиқ осмон остидаги музей шаҳар “Ичан қалъа”да жойлашган Кўҳна арк, Паҳлавон Маҳмуд мажмуалари, Шерғозихон мадрасаси, Жума масжиди, “Оқ масжид” менонитлар музейи ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан танишди.
Даставвал Паҳлавон Маҳмуд мақбарасида буюк аждодимиз хотирасига қуръон тиловат қилинди.
Икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари Шерғозихон мадрасасини ҳам кўздан кечирди. Бу масканда таълим олган алломалар шарафига ташкил қилинган музей фаолияти билан танишди. Ушбу мадрасада ўз даврида Бекет Аҳмад Мирзақули ўғли (Бектурди Аҳмад) ҳам етти йил давомида дунёвий илмлар билан бир қаторда фиқҳ илмидан таҳсил олган.
Юқори мартабали меҳмонга Хива тарихида яшаб, ўтган буюк шахслар шунингдек, қадимий шаҳарда сақланиб қолган осори-атиқалар, уларнинг тарихи ва бу ерда сайёҳликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
Асрлар оша илму маърифат маскани бўлган Хива меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Қозоғистон Республикаси Ҳукумати раҳбари қадимий шаҳарнинг тарихий-меъморий ва туристик салоҳияти жуда юқори эканини алоҳида қайд этди.

 

Аҳмаджон ШОКИРОВ, Аъло АБДУЛЛАЕВ, Шоназар ҚОРИЕВ (сурат), ЎзА