Сенат ялпи мажлиси олдидан қонунлар муҳокама қилинмоқда​

Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Сенатнинг иккинчи ялпи мажлиси доирасида кўриб чиқиш назарда тутилган қонунлар ишчи гуруҳ аъзолари томонидан муҳокама этилди.

«Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.

Халқаро арбитраж бозор иқтисодиётига оид муносабатларнинг асосий омилларидан бири бўлиб, тижорат низоларини ҳал этишнинг муқобил, суддан ташқари шакли сифатида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу жиҳатдан янги қонун Ўзбекистон Республикасида арбитраж судларнинг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, юртимиздаги хорижий инвесторлар, миллий компанияларнинг чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларида ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялашни таъминлайди. Низоларни кўришда хўжалик юритувчи субъектларнинг сарф-харажатларини қисқартириш, арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этишни ҳам назарда тутади.

Экспертлар қайд этганидек, мазкур ҳужжат тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун бўлганлиги, шунингдек, у билан арбитраж муҳокамасининг барча масалаларини тартибга солиш назарда тутилганлиги сабабли қонуности ҳужжатлар ишлаб чиқиш зарурати йўқ.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА