Навоий кон-металлургия комбинатининг 100 нафар ёш ишчи-ходимидан иборат кўнгиллилар жамоаси Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида “Орол тақдири – келажак авлод тақдири” шиори остида амалга оширилаётган хайрли ишларда фаол қатнашмоқда.
Навоийлик ёшлар Мўйноқда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик-қурилиш ишлари билан танишди, Ёшлар маркази, туман экология музейи, замонавий спорт мажмуаси, “Кемалар қабристони”ни бориб кўрди.
Комбинат ёшлари музей, спорт мажмуаси, чекка ҳудудларда жойлашган қатор умумтаълим мактаблари кутубхоналари ва бошланғич синф ўқувчиларига китоблар, спорт анжомларини совға қилди, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли қурилиш батальонига эса 100 дона мотоарра топширилди.
– Биз, ёшларнинг “Green challenge” экочорлов акцияси доирасида Мўйноқ туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларида қатнашиш бўйича ташаббусимиз комбинат раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланганидан хурсандмиз. Йигитларимиз Мўйноқ шаҳри атрофида турли кўчатлар ҳамда Орол денгизининг қуриган ерларида саксовул кўчатларини экиш ишларида фаол иштирок этмоқда, – деди комбинат ёшлари етакчилари кенгаши раиси Санжар Ражабов.
Навоий кон-металлургия комбинати ёшларининг бундай хайрли ишлари Мўйноқ туманида давом этмоқда.
Абдумажид ЖЎРАЕВ,
Навоий кон-металлургия комбинати бош директори матбуот котиби
ЎзА