Қорақалпоғистонда ММА федерацияси ташкил қилинди

Қорақалпоғистонда “Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси Қорақалпоғистон бўлими“ (ММА) федерацияси ташкил қилинди. Нукусдаги Ёшлар маркази биносининг кичик залида янги федерация ташкил этилганига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди ва унда ММА Қорақалпоғистон федерация раҳбари вазифасига Рамберген Сейтжанов, ижрочи директор лавозимига Адилбек Алланазаров ва бош мураббий сифатида Уаис Тлегенов тайинланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Ғайратбай Байниязов Қорақалпоғистонда “Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси Қорақалпоғистон бўлими“ ташкил этилишини муҳим воқеа деб атади.
– ММА дунёдаги энг машҳур спорт турларидан бири. “Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси Қорақалпоғистон бўлими“ ташкил этилиши билан курашчилар малакали мураббийлар раҳбарлигида машқ қилиш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, спортчиларнинг соғлиғи устидан қаттиқ тиббий назорат ўрнатилади, шунингдек, хорижий мусобақаларда иштирок этиш учун зарур ҳужжатларни олишда ёрдам кўрсатилади, – дейди у ўз нутқида. – Биринчи навбатда Нукусда, яқин кунлар ичида спортчиларимиз ичидан саралаш турнири ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Мазкур тадбирда Қорақалпоғистондаги барча етакчи мураббийлар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

 

Е.Қаноатов, ЎзА