Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов Хитойнинг “Kaiteng Investment Group” Тяньцзинь инвестиция корпорацияси президенти Би Лянь раҳбарлигидаги делегацияни қабул қилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Оролбўйида чорвачиликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қарор ижросини таъминлаш доирасида тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва қайта ишловчилари ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш, соҳада илмий ёндашувлар ва илғор замонавий технологияларни кенг жорий этиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, мамлакатимизнинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташаббуси билан хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда “Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов ва Тахтакўпир туманларида замонавий қишлоқ хўжалик илмий техник парки, жумладан, 20 минг бош чорва молига мўлжалланган чорвачилик кластери ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Учрашувда мазкур лойиҳани ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари муҳокама этилди.
Лойиҳада шунингдек, “Нукус” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида чорва моллари учун комбикорма ишлаб чиқариш фабрикаси ҳамда ветеринария бўйича илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш доирасида умумий нархи 90 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритиш кутилмоқда. Мазкур маблағларни ўзлаштириш ва қурилиш ишлари жорий йилнинг март ойидан бошланади. Учрашувда “Чжунтянь” замонавий қишлоқ хўжалик илмий-техник парки лойиҳаси бош илмий ходими Ван Вэньцзе Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг чорвачилик бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди.
Шу куннинг ўзида Нукус шаҳрида “Kaiteng Investment Group” Тяньцзинь инвестиция корпорациясининг компанияси ташкил этилди ва тижорат банкида ҳисоб рақами очилди. Меҳмонлар Қораўзак туманидаги “Panaev Farms” фермер хўжалигининг Нукус шаҳридаги шўъба корхонаси “Pana Milk” мини сут заводи фаолияти билан танишди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА