Қозоғистон Президенти 2019 йил 28 декабрни мамлакатда мотам куни деб эълон қилди

Bek Air авиакомпаниясига қарашли самолёт қулаган жойга Қозоғистон ҳукумати комиссияси етиб келди. Бу ҳақда kazinform халқаро ахборот агентлиги хабар беради.

27 декабрь куни эрталаб 07:22 да Бэк Эйр авиакомпаниясининг Fokker-100 русумли Олма-Ота-Нур-Султон йўналиши бўйлаб №Z2100 рейси билан йўлга чиққан самолет ҳавога кўтарилиш чоғида йўлдан оға бошлаган. Аэропорт чегарасидаги бетон тўсиқни бузиб ўтган учоқ Олма-Ота вилояти Талгар туманидаги Гулдала ва Альмерек аҳоли турар-жойи ҳудудида жойлашган икки қаватли уйга урилган. Воқеа жойига дарҳол 40 та тез ёрдам бригадаси етиб келиб, қутқарув ишларини бошлаб юборган. Ёнғин юз бермаган.

Ҳалокат сабабларини ўрганиш, оқибатлари бўйича чоралар кўриш мақсадида Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия таркибида Бош вазир ўринбосари, Саноат ва инфраструктуравий ривожланиш вазирлари ва бошқа бир неча давлат идоралари раҳбарлари бор. Хабарда айтилишича, фалокатга сабабчи бўлган, 1996 йилнинг апрелида ишлаб чиқарилган ушбу ҳаво лайнерига учишга яроқлилик сертификати жорий йил май ойида берилган. 2016 йил августда Қозоғистонда рўйхатдан ўтган. Bek Air авиакомпанияси ихтиёрида Fokker-100 русумли худди шундай жами 10 дона ҳаво кемасидан 9 таси учишга яроқли, деган амалдаги тегишли сертификатга эга. Воқеа билан боғлиқ бошқа тафсилотлар ва ҳалокат сабаблари ўрганилмоқда. Ҳозирча авиакомпаниянинг эксплуатация ва учишга яроқлилик сертификатлари Қозоғистон Авиация маъмурияти томонидан музлатилган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса туфайли ҳалок бўлганлар сони 15 нафар.

2019 йилнинг 28 декабри Қозоғистонда умуммиллий мотам куни деб эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг матбуот котиби хабар берган. Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан воқеа бўйича тергов ҳаракатлари бошланган. ИИВ матбуот хизмати маълумотларига қараганда, тезкор-тергов гуруҳи таркиби вазирлик марказий аппарати, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар қўмитаси ҳамда ИИВ, Олма-Ота шаҳри ва вилояти транспортдаги полиция департаментининг тажрибали мутахассисларидан тузилган. Воқеа жойи қўриқланмоқда.

 

ЎзА